12:27 / 26.05.2017
17254

«Фарзандларимизнинг қалбини ўғирлашмоқда». Кино ва клипларнинг ёш авлод ахлоқига ҳалокатли таъсири

"Китоб дунёси" газетасида журналист Алимурод Тожиевнинг "Бепарволик бепардаликдир..." сарлавҳали мақоласи эълон қилинган. У Қуйида ушбу мақола жузъий ўзгартиришлар билан қайта нашр этилган.

Яқинда Facebook ижтимоий тармоғида филология фанлари номзоди Гулноза Сатторованинг санъатимиз, хусусан, қўшиқчилигимиз  тараққиёти ва таҳлилига бағишланган “Санъатми ёки саноат” номли мақоласини ўқиб, опанинг куюнчаклик билан ёзилган фикрларига муносабат билдириш иштиёқи туғилди. Аслида, неча йиллардан буён қайта-қайта танқид қилинаётган бўлса-да, бирор ўзгариш бўлмаётган бу соҳа ҳақида гапириш  шитоб ила елиб бораётган поездга қор отишдек гап. 

Биз болалигимизда 10, нари борса 20 қўшиқчини билардик, аммо уларнинг ҳамма ашулалари машҳур бўларди. Масалан, Охун Мадалиев, Ғиёс Бойтоев, Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Муҳриддин Холиқов, Махмуд Намозов, Аҳрор Усмонов, Хуршид Расулов, Баҳодир Мамажонов кабилар менинг, умуман, бизнинг авлоднинг севимли хонандалари эди. Уларнинг қўшиқларини ҳозир ҳам маза қилиб тинглаймиз. Вақт ўтган сари яна қўмсаб, қидирамиз. Аммо кейинги беш йилликда бирорта кўнгилга ёқадиган, сўзлари, оҳанглари тилингда айланадиган қўшиқлар жуда ҳам кам яратилди. Олдинги қўшиқларнинг олдида денгиздан томчи деса ҳам бўлади. Ҳозирда  айтилаётган қўшиқлар эса менга бемаъно, саёз туюлади, устига устак мазкур хонишлар ғояси кимдандир олинган, мусиқаси қаердандир кўчирилган ёки олдин кимдир айтган бўлиб чиқади. Бир марта эшитасанми-йўқми, эсингдан чиқади. Худди бир марта чайналиб, туфлаб ташланадиган сақичга ўхшаб. Кейин айрим эркак хонандаларимизни саҳнада қилаётган муқомлари, тушаётган рақсларини кўриб, беихтиёр тилингга машҳур шоирнинг сатри келади: "Шуям эркакми?". Бу кетишда маданиятимиз, санъатимиз тақдири нима кечади? Уларга эргашган авлоднинг тақдир қандай бўлади? Ўзи ҳозир ҳам кўча-куйда бир-яримтаси учраб турибди. Даҳшат-а?! Ўғил фарзанд кўрдим деб кўксингга урсанг, уни тарбияласангу, у йиртиқ-сиртиқ нарсаларни кийиб юрса, атлас “шим” кийиб,  кўчага чиқса. 

Кейин яна бир одат пайдо бўлди клипларимиз империясида. Яъни, бир чиройли қизни олиб чиқиб устидан масхаралаш, эрмак қилиш, бемаъни, тутуриқсиз қилиқлар қилиш. Нима, жамиятда аёлларни ҳурмат қиладиган, уларни бошида кўтарадиган эркакларнинг замони ўтдими? Бу клипларнинг ғоясидан аёлларни, хусусан, қизларимизни бемалол масхаралаш, ғурурини ерга уриш мумкин деб тушуниш керакми? Шундай қўшиқларга клипга тушаётган қизларнинг кўзи қаёқда? Ёки телевизорда чиройли кийиниб, “фалончи” артист билан телеэкранга чиқса бўлдими? Аслида ўша “фалончи”нинг қўлида ўйинчоқ, қуриб кетгур нафсининг шафқатсиз эҳтирослари  йўлида восита бўлаётган бўлса-чи? Бу ёғи билан нима ишингиз бор? Ҳамма дугоналарим менга ҳавас қилишини, шу “клип”да кўрган, аммо менга эътибор қаратмаган бир тўда йигитларнинг орқамдан соядек эргашиб  юришини хоҳлайман, дермикан?

Шахсан мен, телевидениеда айрим эстрада юлдузчаларини кўрсам, дарров бошқа каналга оламан. Фарзандларим уларнинг алмойи-жалмойи "хониш"ларини санъат дея тушуниб қолмасин деб. Кўлмакчаларни дарё деб билмасин, тасаввурлари шу тушунчаларда қотмасин, деб. Аммо кучим қаёққача етарди? Хоҳлаймизми-йўқми, ёшлар ўз даврининг фарзанди. Шу замоннинг маънавий олами билан яшайди. Бугунги санъат ва кино бераётган маънавий емишлар билан озиқланади. Бироқ у зарарли  бўлса-чи? Ким жавоб беради? "Дачалар бор, дачалар, Айрон, қатту гўжалар, Шомурод акам қатталар, Шомурод акам шўтталар"ни қўшиқ дея билган авлод санъат ва адабиётнинг эстетик мезонларини қандай тушунади? Агар бирорта одам бу хавфдан ўз вақтида огоҳлантирмаса, унинг олдини олиш учун таъсир чораларини кўрмаса, санъатимизнинг муқаддас саҳналари ҳавойи ҳаваслар қуйқасига, минглаб йиллар давомида йиққан маънавий бойликларимиз бир сиқим кулга айланмайдими? Музейлар очамиз шекилли, эртага санъатимизнинг турли йўналишларида яратилган бебаҳо асарларимизнинг тури, пайдо бўлган даври, манбасига қараб. 

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан маънавий ислоҳотлар учун миллиардлаб маблағ  ажратилмоқда. Ҳаммасини олқишлаш керак. Қолаверса, адабиёт дунёси визуаллашмоқда. Ёшлар ахборотни интернетдан, маънавият, эътиқод, иймон ва ҳақиқатни кинодан, қўшиқлардан, телевидение ва клиплардан ўрганмоқда. Энди айтинг, Президент ва Ҳукумат ажратган кўплаб маблағлар, минглаб инсонларнинг миллат маънавияти ривожи йўлида қилаётган тинимсиз меҳнати, босилаётган минглаб газеталар моҳияти, китобларнинг ҳақиқатини шунга ўхшаган "юлдуз"чалару бемаза қовуннинг уруғидек кўпайган кинолар чиппакка чиқариб ўтирса, дардимизни кимга айтамиз? Мен нима дейману, қўбизим нима дейди-а, бу ҳақда. 

Ёнингиздан бир миллион сўмингизни ўғирлаб кетишса, ичингиз оғрийди. Миллиардингизни (агар бор бўлса) ўғирлашса, ҳаётингиз ағдар-тўнтар бўлиб кетади. Камида инфаркт, инсульт бўласиз. Аммо бир ҳақиқат бор, шу пулга яхши кўрган фарзандингизни алмаштирмайсиз. Чунки у жигарбандингиз, пулингиздан ҳам, жонингиздан ҳам, ҳаётингиздан ҳам азиз. Унинг учун яшайсиз-ку... У яхши инсон бўлишини хоҳлайсиз, шунга ҳаракат қиласиз. Миллионларни, уларни топиш учун кетган вақт-у асабингизни сарфлайсиз. Рози бўлиб, топганингиз учун хурсанд бўлиб. Аммо шундай қўшиғ-у клиплар, шундай кинолардан андаза олаётган, интернетда салдироқлаб, беҳаё клиплару узиндилардан яшаш қоидасини ўрганаётган болаларимиз эртага ким бўларкин? Ўша санъат деб тақдим этилаётган нарсалар биз ўша миллиардларга алмаштирмайдиган фарзандларимизнинг қалбини сиртдан ўғирламаяптимикан? Ахир қалбини олгани, ҳамма нарсани олгани-ку... Ахир айтишади-ку, “Киноси қандай бўлса, халқи ҳам шундай деб”. Аслида, ундай халқ эмас эдик-ку. Аждодларимиз яратган қўшиқлару, маданият, нодир санъат дурдоналарининг сир-у синоатлари ҳали тўлиқ ўрганилмади. Бугун Муниса Ризаеванинг "Сакраменто" қўшиғини тинглаётган боланинг қўлидан телефонини олиб, Шерали Жўраевнинг қўшиғи ёки бирорта жаҳон классик асарларидан қўйиб беринг-чи, нима бўларкин? Сизни қолоқликда ошкора айлаб, ичида бўралаб сўкади. Чунки ёшлар моҳиятан ялтироқ, ичи бўш нарсаларга ўч бўлади. Ўша матоҳнинг ичи бўшлигини англаш учун эса йиллар керак бўлади. Ҳаётнинг маъноси, умрнинг баҳоси, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги мувозанатни фарқлаш масаласида алданади. Алданганини англаганда-чи..? Кейин маънавий ёлғонлар, шоуменлар тарқатган ҳақиқатларнинг бир чақага арзимаслиги ва бутун умри енгил-елпи туйғулар ичра ўтгани, Худо чексиз мукаммаллик билан яратган Қалбига чуқур назар солишга интилмагани, дунёдан-да мураккаброқ, айни пайтда бутун борлиқ синоатини ўзида жамлаган ўз Руҳиятидан узоқда яшаб ўтгани ҳақида Толстой бобога ўхшаб, “Иқрорнома” ёзадими?  Ёзолмайдиям бу кетишда. Чунки у ёзадиган қаламларни синдириш ҳаракатидамиз-ку!? У юрак энди қонай олмайди, у бечоранинг қалбини энди уйғонаётган пайтда қотириб, елимлаб ташлашга улгуряпмиз. Вужудини чиройли кийимлар билан безадик, оғзига ширин овқатлар солдик, аммо қалбига нима соляпмиз, онгига нима экяпмиз? Аудиторияларда маънавият, адабиёт, мафкура масалаларида айтиладиган мулоҳазаларни тинглашни  амаллаб тугатиб олиб, “Уммон”у “Бед бой”ларнинг оғушига шошаётган болаларимиз қалбини алафдек ўраб олган чирмовиқларни юлишга нимага парвосизмиз?  Бугун нима эксак, эртага шуни ўрамиз-ку! Начора, от ўрнини той босиб, у ҳам кейин сиз-у биздек болаларининг яхши одам бўлиши учун курашади. Аммо ўзи билмаган нарсаларини фарзандларига қандай ўргатади? Унда биз ҳозир айниб кетаяпти, деган “санъат”имиз қиёфаси қандай бўларкин? Шу маромда “ривожланаверса-я”. Шаклан ва мазмунан бошқа аҳамият касб этиб... Ўйлайверсанг, юрагинг орқага тортиб кетади. Ўйламаган маъқул шекилли. Айтадилар-ку, “донолар ҳаётни кузатурлар жим” деб. Ёки бугунги болаларимиз кўраётган сексуал майллар, пул, давлат, ҳашаматли ҳаёт, бирданига бойиб кетиш, қайнона-келин муносабатларига бағишланган айрим хусусий киноларимизни ўчириб, ўрнига Навоий асарларини, Достоевский, Толстой, Қодирийнинг бирорта китобини беринг-чи, ўқирмикан? Ўқир ҳам. Аммо хаёли қаерда бўлади? Бунисига жавоб бера олмаймиз-ку? "Боғ хаёли боққа элтар", дейди Ж. Румий. Уларнинг хаёлини боққа етаклаш учун эзгу ғоялар, савияси баланд, сюжети пишиқ кинолар, жозибали, маъноли қўшиқлар, бир ҳикоя сюжетини ўзида акс эттирган клиплар керак эмасми? 

З2 миллион халқ учун 100та яхши ёзувчимиз йўқ. 32 миллион халқ учун 100та зўр шоиримиз йўқ. Тирикларини назарда тутяпман. Аммо улар билан  режиссёрлар ва санъаткорлар орасини буюк Хитой девори ажратиб туради. Булар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз, борларининг ҳам тузук-қуруқ қадрига етмаймиз. Онда-сонда кўришиб қолганда, “илҳом” қачон келиши ҳақида ярим мазах, ярим ҳазил савол берамиз. 32 миллион халқ учун эса 10 минглаб қўшиқчи бор. Нимагадир уларни бошқача ҳурмат қилиш, эъзозлаш, “кўнглини кўтариш” психологиямизга канадек ёпишиб олган. Уларга тийинлаб топганимизни сарфлаймиз, ёрдамга муҳтож акамиз, укамиз ёки бирор қариндошимиз, истеъдодли аммо қўли калта ёшларимиз бор, уларни ўйлаб ўтиришга вақтимизни қизғонамиз. Товусранг либосларда ярим яланғоч кириб келган “хонанда” учун, баъзилари ўзбек тили ва адабиёти, фалсафаси ва бадиияти тугул, ўз она тилида тузук гапира олмайдиган “санъаткор”ларнинг фонограммаси учун топганимизни тикамиз,  етмаса қарз оламиз, кимларнингдир олдида елкамиз қисамиз. Бу пулларнинг эвазига ёғланиб олган шоумен “Эйфель” минораси ёки Таиланд оролларига ошиқади, имкон даражасида “яланғочроқ”, “соддароқ”, “ҳаммага тушунарли”, нимадир ишлаб келиш мақсадида. Кўраяпмизми, биз кимлар ёки қандай келажак учун меҳнат қилаётганимизни? Қараб туриб, шуям ҳаётми, шу моҳият учун яшаяпмизми, дегинг келмайдими?

Яқинда бир дўстим айтиб қолди. Маданият олийгоҳларида бадиий асар ўқиётган талабаларни кўриб қолишса, сендан драматург, режиссёр, театршунос чиқмайди, деб ундан кўра адабиётшунос бўла қолгин, деб айтишаркан? Чунки, бечора Аристотель бобо айтиб кетган ҳақиқат бор-ку, драма асоси ҳаракат деб. Шундан ортиқ аксиоманинг нима кераги бор? Эй, устозлар, Антон Чехов врач, Чингиз Айтматов зоотехник, Мурод Муҳаммад Дўст файласуф ва ҳоказолар ҳоказо бўлгани бор гап-ку. Ҳамза бўлмаганда “Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши”, Саид Аҳмад бўлмаганда “Келинлар қўзғолони”, Уйғун бўлмаганда “Парвона”, Эркин Воҳидов бўлмаганда “Олтин девор” каби асарлар яратилармиди? Уларнинг қайси бири драматургман, ёзувчи эмасман ёки аксинча деб айтган. Улар сўз билан боғлиқ ҳамма санъат турини муқаддас деб билишган ва уларни бир-биридан ҳеч қачон ажратишмаган. Яна билмадим, “Олчазор”, “Олтинчи палата”сию, бир-биридан қолишмайдиган юзлаб ҳикоялари билан машҳур бўлган Чехов бобою, Станиславский деган назариётчи олим нима деркин? Хайрият ҳам Эркин Аъзамдек, Усмон Азимдек, Шуҳрат Ризаеву Қўчқор Норқобилдек, Абдуқаюм Йўлдошев ва Зулфия Қуролбой қизидек ёзувчиларимизнинг бор. Ҳарқалай, маиший мавзулар ботқоғидан чиқолмай қолган аравани итариб, сал олдинга чиқариб қўйишди. Мен  санъат ва драматургия  назариясидан жуда ҳам йироқлигимни тан олган ҳолда, кейинги  йилларда ўзбек саҳнасида  юқорида санаб ўтилган пьесалардан баландроқ томоша кўрмаганим рост. Бу соҳада ҳам ҳамма соҳадаги каби драматург, режиссёр, актёр, шароит деган муаммолар бордир, яна билмадим? Ҳозир санъат аталмиш муқаддас мўъжизанинг  илдизи Сўз эканлиги, муҳими, истеъдод ва меҳнат эканлигини англаш ва ёш истеъдодларни шунга йўналтириш, чучмал ва бачкана “келин”лару уларни алаҳсиратаётган “суперқайнона”ларга яратилаётган “имкон”ларни қайта кўриб чиқиш масаласини ўйлаш керак эмасмикан? Шунга ўхшаш мулоҳазалар билан анча жойгача келиб қолибман. Кейин қарасам, жуда чўзилиб кетибди, ҳар бир соҳанинг мутахассислари, мутассаддилари бору, нима қилаяпсан ақлинг етмайдиган масалаларга аралашиб,  деган хулосага келдим. Яхшиси, тилни тийган маъқул-а, нима дейсиз? Ота-бобомизнинг гапи бору, тилни тийган бой бўлади, деган. Шуниси маъқулроқми Гулноза Сатторова?

Алимурод Тожиев

Top