11:34 / 17.07.2023
4793

Эрон ҳукумати ахлоқ полицияси қайта иш бошлаганини эълон қилди

Намойишлар чоғида ғойиб бўлган бўлинмалар диний меъёрлар ва жамоат ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида мамлакат бўйлаб пиёда ва автомашина патрул хизматини тикламоқда.

Фото: Reuters

16 июль, якшанба кунидан бошлаб Эроннинг ахлоқ полицияси диний меъёрлар ва жамоат ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида мамлакатда пиёда ва автомобиль патрулларини қайта бошлади. Бу ҳақда Эрон полицияси вакилига таяниб, Isna агентлиги хабар бермоқда.

2022 йил кузида мамлакат сиёсий ва диний раҳбариятига қарши оммавий норозилик намойишларидан сўнг, таниқли бўлинмалар Эрон шаҳарлари кўчаларида ғойиб бўлди. 4 декабрь куни Эрон бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазери қўлга олинганидан сўнг полиция биносида вафот этган 22 ёшли эронлик курд қиз Маҳса Аминийнинг ўлими туфайли юзага келган кенг кўламли норозилик намойишлари фонида: «Ахлоқ полицияси суд тизимига алоқадор эмас ва у тузилган жойларда тугатилди», деди. Шунингдек, у мамлакат расмийлари аёлларни кийим борасида маълум қоидаларга мажбурловчи қонунни ўзгартириш устида иш бошлаганини айтган. 

Сўнгги ойларда кўплаб аёллар бош кийим ўраш талабини, жумладан, жимгина норозилик билдирган ҳолда эътиборсиз қолдиряпти. Апрель ойи бошида Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Моҳсени-Эжей аёлларни махсус бош кийимсиз омма олдига чиққани учун «шафқатсиз» таъқиб этиш билан таҳдид қилган эди. Бундай хатти-ҳаракат «қадриятларимизга душманлик билан тенгдир», деди расмий. 

Апрель ойи бошида Эрон полицияси жамоат жойларига «ақлли камералар» ўрнатишни бошлагани маълум бўлди. Reuters хабарига кўра, бундай қурилмалар Эрон полициясига боши очиқ аёлларни аниқлаш имконини беради. Шундан сўнг «қоидабузарлар»га «оқибати ҳақида огоҳлантирувчи матнли хабарлар» келади. Эроннинг «Мизан» суд ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳаракатлар «қонунга қаршилик кўрсатишнинг олдини олишга» қаратилган. 

Top