Ўзбекистон | 08:44 / 26.07.2022
7803
3 дақиқада ўқилади

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш тартиби эълон қилинди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси асосий мақсади ушбу ҳуқуқбузарликларнинг умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасини самарали ташкил этиш, мазкур ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш, ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган (содир этишга мойил бўлган) шахсларни аниқлаш ва улар билан профилактик ишларни тизимли равишда олиб борилишини таъминлашдан иборат.

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар томонидан алоҳида вазифа юклатилган масъул ходимлар томонидан амалга оширилади.

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини ташкил этишга масъул ходимларга қуйидаги вазифалар юкланади:

  • мазкур йўналишдаги фаолиятини амалга ошириш, таҳлил қилиш, умумлаштириш;
  • таҳлиллар асосида ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликларни аниқлашга, уларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш;
  • ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
  • хавфли гуруҳга мансуб бўлган шахсларнинг ҳисобини юритиш;
  • аҳоли ўртасида ахлоқий-маънавий бузуқликни тарғиб этувчи, зўравонлик ва шафқатсизликка ўргатувчи, кенг омманинг фикрини заҳарловчи барча омилларни ўрганиш, уларнинг манбаларини, кимлар томонидан ва қаерларда тарқатилаётганлигини аниқлаш, бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш;
  • ҳаммом ва сауналар, массажхоналар, оромгоҳ, санаторий ва профилакторий, дала ҳовли, меҳмонхона ҳамда ётоқхоналар, ижарага берилган хусусий уйларнинг фаолиятини қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда назорат остига олиш, уларда содир этилиши мумкин бўлган турли ноқонуний хатти-ҳаракатларни, хусусан ахлоққа қарши ҳуқуқбузарликларни аниқлаш юзасидан ҳамкорликда махсус тадбирлар ўтказиб бориш.

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарлик содир этган шахслардан фақатгина Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 190-моддаси ҳамда Жиноят кодекси 120-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар белгиланган тартибда Тери-таносил касалликлари диспансерида тиббий текширувдан ўтади.

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий текширувдан ўтишдан бош тортган ҳолларда ушбу шахс мажбурий тартибда тиббий текширувдан ўтказилади.

Ахлоққа қарши ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ўз ҳисобидан соғлиқни сақлаш муассасаларидан тиббий текширувдан ўтади.

Мавзуга оид