Ўзбекистон | 18:14 / 29.05.2017
22999
2 дақиқада ўқилади

Олий аттестация комиссияси 1 июлдан илмий даражаларни беришни бошлайди

Фото: glsuniversity.ac.in

Вазирлар Маҳкамаси 22.05.2017 йилда 304-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди, деб ёзади Norma.uz.

Ҳужжат билан Олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари, Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги низом, шунингдек фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc) дипломлари ҳамда доцент, катта илмий ходим ва профессор аттестатларининг давлат намуналари тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 16.02.2017 йилдаги 4958-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ  Ўзбекистонда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими кўзда тутилган: фалсафа доктори ва фан доктори. Бунда ўқиш базавий докторантура, докторантура ва мустақил изланувчи шаклларида олиб борилади.

Докторантурага кириш имтиҳонларининг суҳбатга алмаштирилиши муҳим янгилик бўлди. Кириш имтиҳонлари базавий докторантурада сақланиб қолинган.

Бундан ташқари, фан доктори илмий даражаси изланувчилари учун Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, чет тили ва мутахассислик бўйича имтиҳонлар бекор қилинган. Фалсафа доктори илмий даражаси изланувчилари учун чет тили ҳамда мутахассислик бўйича имтиҳонлар сақланиб қолинган.

Шу билан бирга, хорижий материалларга талаблар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан белгиланган чет эл журналидаги 1 та илмий мақолагача туширилган.

Фалсафа доктори илмий даражаси изланувчилари учун тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш “амалиётга жорий этиш учун натижаларни тақдим этиш”га ўзгартирилган. Шу тариқа, фан доктори илмий даражаси изланувчилари учун жорий этиш факти мажбурий қилиб белгиланган.

ОАКга 1 июлдан бошлаб аттестация ишларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда изланувчиларга фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражалари беришни таъминлаш топширилган.

Мавзуга оид