Мен мулоҳазаларимни мамлакатимизда илм-фан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг ижобий, салбий оқибатлари, ютуқлар ва камчиликларни санашдан бошламоқчи эмасман. Бу соҳа вакиллари бундан ҳар ҳолда хабардор. Охирги кунларда ОАВда янграган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган академик Шавкат Абдуллаевич Аюповнинг интервюси, унда билдирилган айрим танқидий фикрларга нисбатан Олий аттестация комиссиясининг муносабати ва бу муносабатга билдирилган муносабатларни ўқиб таҳлил қилишни ўқирманларнинг ўзига ҳавола қиламан.
Мен эса бевосита илмий даражалар бериш тизимини ислоҳ қилишга оид таклифларимни қисқа баён этмоқчиман.
Таклифлардаги турли база, платформалар борасидаги таклифлар катта янгилик эмас. Бундай базалар у ёки бу ҳолатда қисман жорий этилган, этиляпти ва жорий этилиши режаланган. Шундай бўлса ҳам бундай базаларга бўлган эҳтиёжни асослашга ҳаракат қилдим. Олдиндан айтишим мумкинки, бу таклифларни амалга ошириш механизми (агар маъқул топилса) ишчи гуруҳ тузиб бевосита баҳс-мунозара асосида шакллантирилиши керак бўлади. Бунда диссертантларга ортиқча бюрократик тўсиқ яратилмаслиги билан кўзлаётган мақсадимиз – соф, сифатли илмий тадқиқотлар даражасини сақлаб қолиш ўртасидаги олтин ўрталиқни топилишига ҳаракат қилиш лозим.
Тизим ислоҳоти бўйича таклифлар мажмуаси
I. Шаффофлик ва “Обрў институти”ни шакллантириш (ОАК очиқ маълумотлар базаси)
Тизимдаги ёпиқлик кўпинча масъулиятсизликни келтириб чиқаради. Биринчи қадам – барча иштирокчиларнинг фаолиятини жамоатчилик назоратига очишдир. Тақризлар ва хулосалар очиқ эълон қилиниши шарт. Диссертация тасдиқлангандан сўнг, тизимда нафақат автореферат, балки расмий оппонентлар, етакчи ташкилот ва илмий кенгаш аъзоларининг берган хулосалари (имзоси билан) очиқ юкланиши лозим. Бу – “Обрў институти”ни ишга туширади. Олимлар ўз обрўсини тўкмаслик учун саёз ёки кўчирма ишларга ижобий тақриз ёзишдан қўрқиб қолади.
Илмий раҳбарлар ва кенгашлар бўйича интеграциялашган статистика ҳам муҳим аҳамиятга эга. ОАК базасида ҳар бир олимнинг (илмий раҳбарнинг) рақамли профили яратилади. У ерда олимнинг шогирдлари, уларнинг ҳимоя қилган ишлари ва мақолалари занжир каби боғланган бўлади.
Шунингдек, илмий кенгашлар паспорти ва фаолияти тарихи ҳам жойланади. Жамоатчилик ва таълим муассасалари қайси илмий раҳбар ҳақиқий олим етиштираётганини, қайсиниси эса “конвейер” қилиб олганини очиқ кўради. Саёз ишларни кўп ўтказган илмий кенгашлар рейтинги тушиб, фаолияти тугатилишига асос бўлади.















