10:31 / 05.06.2017
20307

Пенсия бўйича “1106” рақамли “ишонч телефони” ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақаларни тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2826-сонли Қарорига мувофиқ, Халқ банки республика бўйича пенсия ва нафақаларни тўлаш бўйича ягона ваколатли банкка айланди.

Банк ахборот хизматининг Кун.uz’га хабар беришича, эндиликда пенсия ва нафақалар пенсионерларнинг ўзлари истиқомат қиладиган маҳалла ҳудудидаги махсус хоналарда нақд пул шаклида тарқатиб келинмоқда. Халқ банки сайёр кассалари томонидан мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсиялар ва нафақаларни махсус кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга, бетоб кишиларнинг уйларига бориб, пенсия ҳамда нафақаларини тарқатилаётгани кўплаб ёши кекса инсонларга қулайлик туғдирмоқда.

Пенсия маблағларини тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича “1106” қисқа рақамли “ишонч телефони” ҳам ташкил этилди. 

Эндиликда пенсионерлар ўз пулларини олишда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммо ҳақида ушбу қисқа рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади. 

Top