22:13 / 08.06.2017
29836

БМТда ИШИД жангарилари сони маълум қилинди

ИШИД террорчилик гуруҳининг аъзолари сони 20 минггача кишини ташкил қилади. Бу ҳақда БМТ бош котибининг бу гуруҳ томондан юзага келтирилаётган тинчлик ва хавфсизликка таҳдид ҳақидаги 5-ҳисоботида маълум қилинган.  

"ИШИД жангарилари сони ўтган 16 ой ичида қисқарди ва айни вақтда 12 мингдан 20 минггача жангарини ташкил қилади. Шу билан бирга бир қатор ҳудудлардан Ироқ ва Сурияга келаётган жангарилар оқими секинлашган. Бироқ энди жангариларнинг ўз ватанларига қайтаётгани ва ихтилоф ҳудудининг бошқа ҳудудларга кўчиши халқаро хавфсизликка жиддий хавф солмоқда", дейилган ҳисоботда.  

БМТда таъкидланишича, 2016 йил январдан бери ИШИД Сурия ва Ироқда доимий босим остида турибди ва бир қатор муваффақиятсизликларга учраган. Бироқ гуруҳ Ироқнинг Мўсул шаҳрида қаршилик кўрсатмоқда ва Суриянинг Раққа шаҳрини  ўз назоратида ушлаб турибди.

Ҳисоботда террорчилар томондан хорижий потенциал террорчилар учун материалларни тарқатиш ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билан уларни террорчилар сафига жалб қилиш мақсадида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш учун интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишлари таъкидлаб ўтилди. 

Террорчилик гуруҳи, шунингдек, "маълум малакаларга эга одамларни қидиради ва турли тил гуруҳлари орасида хорижий жангарилардан фойдаланиб шу гуруҳлар келиб чиққан давлатларда тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун" ташвиқот олиб боради. Бундай алоқаларни кузатиш мураккабдир, чунки террорчилар маълумотларни шифрлаш функциясига эга хизматлардан фойдаланишади.

Top