12:21 / 15.06.2017
20898

Тошкентда ўзини прокуратура ходими деб таништирган товламачи ушланди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

2017 йилнинг 13 июнь куни тахминан соат 15:30 ларда, Суннатилла Шуҳратович Қобилов, товламачилик йўли билан мулкий манфаатдор бўлиш мақсадида, Яшнобод тумани ҳудудида жойлашган «Авиасозлар» дехқон бозорида бўла туриб, ўзини прокуратура ходими деб таништириб, жабрланувчини мулкий манфаатлар беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, фуқаро Шерматов Ҳасандан (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) бир неча маротаба турли миқдордаги чет эл валютасини олиб келган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Қобилов жабрланувчидан навбатдаги 200 АҚШ доллари миқдордаги пул маблағларни Яккасарой тумани ҳудудида олаётган вақтида ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик, яъни ўзгадан мулкни беришни талаб қилиш, жабрланувчини ўз мулкини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Қобиловга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.

Top