Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тошкентни дунёдаги энг қулай шаҳарлардан бирига айлантирамиз” – ҳоким Шавкат Умрзоқов билан суҳбат
Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг жойларга ташрифида ҳамроҳлик қилиб, пойтахтдаги дренаж тизими, экология, жамоат транспорти, коммунал инфратузилма ва аҳоли олдидаги масъулияти ҳақида сўради. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги қилинаётган ишлар билан Тошкент келгуси 5 йил ичида яшаш учун энг қулай дунё шаҳарлари рўйхатига кириши керак.
“Энг қўрқадиганим – фуқаролар саволига жавобим бўлмаслиги”
Шавкат Умрзоқовнинг айтишича, аҳоли билан учрашувлар олдидан уни энг кўп безовта қиладиган нарса – фуқаролар саволларига жавоб бера олмаслик.
Унинг таъкидлашича, одамлар кўтарган муаммолардан бехабар бўлиш ёки уларнинг ечими билан шуғулланмаслик раҳбар учун уят ҳисобланади.
“Қайсидир фуқаро мурожаат қилаётган бўлса-ю, мен ёки ҳокимият вакиллари бу муаммони билмасак ёки унинг ечими билан шуғулланмаётган бўлсак, бу биз учун уят. Мен қўрқадиган нарса шу”, – дейди шаҳар раҳбари.
Дренаж тизими: 400 миллион долларлик муаммо
Тошкентда кучли ёғингарчиликлардан кейин кузатилаётган сув тошқинлари ҳақида тўхталган ҳоким 2023 йилда лавозимга келганидан кейин биринчи навбатда дренаж тизимини ўрганганини маълум қилди.
“2023 йилда иш бошлаганимиздан кейин биринчи навбатда Тошкент шаҳри дренаж тизимининг бош режасини ишлаб чиқдик. Бугун шаҳарнинг бу йўналишда аниқ мастер-плани мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, тизимни тўлиқ модернизация қилиш учун тахминан 400 миллион доллар инвестиция талаб этилади.
Муаммо фақат маблағда эмас, бошқарув тизимида ҳам. Биз сув оқимларини ойма-ой, кунма-кун прогноз қилишимиз, уларни қаерда йиғиш, қаерда захиралаш ва қандай бошқаришни аниқ режалаштиришимиз керак.
Шу мақсадда 12 та сунъий кўл барпо этиш лойиҳасини бошлаганмиз. Бу кўллар келажакда ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва техник мақсадларда фойдаланиш имконини беради.
Яқинда Хитойга ташрифимиз давомида Тянжин шаҳридаги сув бошқаруви тажрибасини ўргандик ва ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоладик. Шунингдек, Дубай ва Сингапур тажрибасидан ҳам фойдаланмоқчимиз. У ерларда қайта ишланган сув дарёга оқизиб юборилмайди, балки техник эҳтиёжлар: яшил ҳудудларни суғориш, коммунал хизматлар, автомобил ювиш шохобчалари ва бошқа мақсадлар учун ишлатилади. Бизнинг мақсад ҳам шу: қайта ишланган сувдан самарали фойдаланиш тизимини яратиш”.
Умрзоқовнинг қайд этишича, келгусида ёмғир сувлари тўлиқ ҳисоб-китоб асосида бошқарилади, сувни захиралаш ва қайта ишлатиш тизими йўлга қўйилади. Буни амалга ошириш учун камида уч йил талаб этилади.
1000 гектарлик шаҳар ўрмони
Экология масаласига тўхталган Шавкат Умурзоқов ҳозирча бу соҳада фахрланадиган натижага эришилмаганини, аммо катта лойиҳалар бошланганини айтди. Келаси йил охиригача шаҳарда 300 гектар майдонда парк ташкил этиш режалаштирилган. Ўрта истиқболда эса Тошкент ичида 1000 гектарлик шаҳар ўрмонини шакллантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, шаҳарда умумий майдони 150 гектар бўлган 12 та сунъий кўл ташкил этиш ишлари бошланган.
“Бекат – савдо нуқтаси эмас, жамоат макони бўлиши керак”
Шаҳар ҳокими ўзидан аввалги ҳокимлар ҳам автобус бекатлари бўйича турли қарорлар қабул қилгани ва ўзининг қарори билан бекатлардаги дўконлар олиб ташланаётганига изоҳ берди.
“Тасаввур қилинг, агар мен ёки туман ҳокими қарор чиқариб, бекатни дўкон кўринишига айлантирса, жамоатчилик дарҳол эътироз билдиради. Чунки бекатнинг ҳам ўз стандарти, талаби бор. Бугун Тошкентда 2 500 тага яқин бекат бор, биз уларнинг сонини 3 500 тага етказишни режалаштиряпмиз. Аммо мавжуд бекатларнинг мингдан ортиғи замонавий талабларга жавоб бермайди.
Мен ўзимдан олдинги раҳбарларни баҳоламоқчи эмасман. Ўша даврнинг сиёсати ва ёндашуви бошқача бўлган. Бугун эса президентимиз олдимизга аниқ вазифа қўйган: Тошкентни пиёдалар учун қулай шаҳарга айлантириш. Шунинг учун жамоат транспорти инфратузилмасини ҳам қайта кўриб чиқяпмиз. Амалиёт шуни кўрсатадики, бекатлар дўконга айлантирилганда автобуслар учун муаммо пайдо бўлади. Автомобиллар бекат олдида тўхтайди, автобус йўлаги банд бўлади, чиқиндилар кўпаяди, ноқулайликлар юзага келади. Айрим ҳолатларда ҳатто бекатлар қулфлаб қўйилгани учун йўловчилар кўчада қолиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган.
Шу сабабли янги бекатларни халқаро стандартлар асосида қуряпмиз. Улар хавфсизлик тугмаси, интернет, автобуслар ҳаракат жадвали ва бошқа замонавий қулайликлар билан жиҳозланади. Ҳатто сув ёки енгил маҳсулот харид қилиш учун вендинг аппаратлари ҳам ўрнатилади. Бироқ бундай бекатларнинг ҳар бири 10 мингдан 20 минг долларгача маблағ талаб қилади. Шунинг учун лойиҳани давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этдик. Давлат харажат қилмайди, хусусий шерик эса бекатни сақлаш ва бошқаришни ўз зиммасига олади. У даромадни реклама ёки вендинг хизматлари орқали олади.
Шу билан бирга, бекатларда дўкон ташкил этган тадбиркорларга бошқа жойлар таклиф қилинмоқда. Асосий мақсад – аҳоли ва жамоат транспорти учун қулай муҳит яратиш”.
Суҳбат давомида Шавкат Умрзоқов “свет”, газ ва сув бўйича шаҳарда муаммолар бўлмаслиги, Тошкент яшаш учун дунёдаги энг қулай ТОП-50 ёки ТОП-100 та шаҳарлар рўйхатига киришини мақсад қилгани, журналистлар билан жуда кам мулоқот қилгани унинг хатоси бўлгани ҳақида сўз юритди. Тўлиқ интервю билан видео орқали танишишингиз мумкин.