Жамият | 21:28 / 16.06.2017
18849
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик астрономлар ўта янги юлдузнинг чақнашини қайд этишди

Фото: academy.uz

Ўзбекистонлик астрономлар Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Майданак обсерваториясида ўта янги юлдузнинг чақнашини қайд этишди. Бу юлдуз Етти қароқчи (Катта Айиқ) юлдуз туркумидаги NGC 3938 рақамли спирал галактикада рўй берди. Астрономия соҳасидаги замонавий тасаввурларга кўра, юлдузлар ҳам тирик мавжудотлар каби туғилишади (пайдо бўлишади), миллиард йил ривожланишади (умр кўришади) ва ниҳоят сўнишади. Айрим юлдузларнинг эволюцияси ўта ҳалокатли, катта портлаш билан тугайди. Бундай пайтларда юлдузнинг қаърида қизиб ётган модда атрофга сочилиб кетади ва кечагина хира бўлиб ёки умуман Ердан туриб кўринмайдиган юлдузча ўрнида ёрқин Ўта янги юлдуз пайдо бўлади. Бундай жараёнларни кузатиш олимларга юлдузларни тузилиши ва эволюцияси конунларини тушуниш каби фундаментал масалаларга ойдинлик киритишга хизмат қилади.

25 май куни пайдо бўлган ва SN 2017ein номи билан қайд этилган Ўта янги юлдузнинг аҳамияти шундаки, у бизга нисбатан яқин, “атиги” 50 миллион ёруғлик йил масофада жойлашган ва бинобарин биз у ҳақида батафсил маълумотлар олишга эга бўляпмиз. Юлдуз ёрқинлиги ўзгаришининг дастлабки таҳлиллари бу ноёб ҳодиса эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун Майданакда бажарилган ва бажарилаётган кузатувлар ниҳоятда муҳим ҳисобланади ва катта илмий аҳамият касб этади.

Яна бир нарсани қайд этиш зарур. Бундан бир неча йил олдин германиялик олимлар Буюк Британиядаги машҳур Бодлеян кутубхонасида сақланаётган, Абу Али Ибн Сино қаламига мансуб “Китоб ал-Шифо” асарида 1006 йилда рўй берган Ўта янги юлдузнинг таърифини топишга муваффақ бўлганлар. Ибн Сино 1002-1008 йилларда Хоразмдаги Маъмун академиясида фаолият кўрсатганлигини инобатга олсак, бу факт Академиянинг илмий фаолиятини очиб берувчи янги бир манба сифатида хизмат қилади. Бундан ташқари, энг аввало, ўзининг тиббиёт ва фалсафа соҳаларидаги асарлари билан машҳур бўлган буюк бобокалонимизнинг мероси нақадар серқирра эканлигига яна бир бор амин бўламиз.

Мавзуга оид