Ўзбекистон | 07:50 / 04.09.2023
4235
2 дақиқада ўқилади

Меҳмонхоналарга юлдуз тоифасини бериш бўйича янги давлат стандарти қабул қилинди

Юлдуз тоифасига эга меҳмонхоналарга доир талабларни белгилайдиган давлат стандарти қабул қилинди.

Фото: uzbektourism.uz

2023 йил 1 октябргача хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда камида 50 та меҳмонхонага “тўрт юлдуз” ва 200 тасига “уч юлдуз” олиб бериш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.

Туризм қўмитаси хабарига кўра, қўмита томонидан туризм соҳаси илғор ривожланган давлатларнинг меҳмонхоналарга юлдуз тоифасини белгиловчи ҳужжатларининг талаблари ўрганилди.

Ўрганиш натижасида, амалдаги давлат стандарти талаблари қайта кўриб чиқилди ва балли таснифлаш орқали юлдуз тоифасини берувчи янги стандарт лойиҳаси Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси билан биргаликда ишлаб чиқилди. Янги давлат стандартига киритилган талаблар Hilton, Hampton by Hilton, Hyatt Regency Tashkent, Wyndham Hotels & Resorts меҳмонхоналари бизнес вакиллари ва бошқа меҳмонхона вакиллари билан келишилди.

Ушбу давлат стандарти меҳмонхоналарни балли асосда таснифлаш тизимини белгилайди. Тоифалар “*” (юлдуз) белгиси билан белгиланади ва бешта тоифа бўйича таснифланади. Жойлаштириш воситалари учун – энг юқори тоифа “*****” (беш юлдуз) ва энг паст “*” (битта юлдуз) ҳисобланади.

Жойлаштириш воситалари давлат стандартининг иловасига мувофиқ таснифланади. Бунда “м” бажарилиши мажбурий бўлган талабларни белгилайди. Мажбурий бўлмаган талаблар бажарилганда эса қўшимча балл берилади. Баллар йиғиндисига кўра тегишли юлдуз тоифаси берилади.

Янги давлат стандарти 2023 йилнинг 7 ноябридан амалга жорий этилади.

Мавзуга оид