Жаҳон | 00:08 / 21.06.2017
20835
2 дақиқада ўқилади

NASA олимлари Ерга ўхшаш янги сайёраларни аниқлашди

Фото: NASA/JPL-Caltech

АҚШнинг NASA коинот агентлиги олимлари кўплаб кўрсаткичларига кўра Ерга ўхшаш бўлган 10 та янги экзосайёрани аниқлашди.

Тегишли тадқиқот NASA сайтида "Кеплер" коинот зонди олиб борган кузатувлар материаллари каталоги шаклида чоп этилган. Каталог "Кеплер" миссиясининг илк 4 йили давомида олинган натижаларга бағишланган.

"Бу синчковлик билан тўпланган каталог астрономиянинг энг асосий саволларидан бири – галактикада Ерга ўхшаш яна қанча сайёра борлиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб бериш учун асос ҳисобланади", деб айтди каталог етакчи муаллифи Сьюзан Томпсон.

Олимлар 4 йил ичида 219 та янги сайёра аниқлашган. Экзосайёра бўлиш учун ҳаммаси бўлиб 4 мингдан кўпроқ даъвогар сайёра мавжуд бўлиб, ундан 2,3 мингини текшириб чиқишга муваффақ бўлинган. Улардан фақатгина 50 тасигина Ерга яқин ўлчамларга эга. 

Аниқланган сайёралар орасида Ер билан деярли бир хил кўрсаткичларга эга бўлган камида битта сайёра топилди. KOI 7711 номи билан маълум бўлган бу сайёранинг диаметри Ерникидан 30 фоизга каттароқ ва унинг ўз орбитаси атрофида айланиши деярли бир йилни ташкил қилади. 

Апрелда Ерга ўхшаш LHS 1140b экзосайёраси аниқлангани маълум қилинганди. Олимларнинг фикрича, бу сайёра Proxima b ёки TRAPPIST-1 тизими сайёраларидан кўра ҳаёт учун кўпроқ яроқлидир.

Мавзуга оид