Light | 23:58 / 22.06.2017
78163
4 дақиқада ўқилади

Ўз компаниясидан қувилган 5 машҳур раҳбар

Йирик компаниялар сармоячиларсиз ўз фаолиятини ривожлантира олмайди. Сармоячилар эса директорлар кенгаши таркибига кириб, ўз "қоида"ларини ўрната бошлашади. Баъзан шундай бўладики, уларнинг фикрлари компаниялар асосчилари позициясига тўғри келмайди - келишмовчиликлар юзага келган тақдирда эса, раҳбар истеъфога чиқади. InsiderPro ўз корпорациясидан қувилган энг машҳур беш директор ҳақидаги маълумот билан бўлишди. Уларнинг баъзилари лавозимига қайтишга муваффақ бўлган.

Трэвис Каланик, Uber

Тр­э­вис Ка­ла­ник компаниянинг корпоратив маданияти ва ишчиларни камситиш ҳолатларига қарши кечган давомли терговлардан кейин истеъфога чиқишга мажбур бўлган. У 2009 йилда Гаррет Кэмп билан ҳамкорликда "Uber"га асос солган.

Ўшандан буён компания мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди: Uber дунёнинг 58 мамлакатида ўз фаолиятини йўлга қўйган, компания 69 миллиард доллардан ортиққа баҳоланади. Афсуски, жамоадаги жинсий зўравонликка доир кўплаб можаролар Каланикка Uber раҳбари лавозимидаги фаолиятини давом эттиришга имкон бермади.

Стив Жобс, Apple

1985 йилда ўша пайтлардаёқ миллиард долларга баҳоланган Apple компаниясида қатор ўзгаришлар рўй берди. 30 ёшли Стив Жобс ва Жон Скалли ўртасида ҳукумат учун кураш авж олди, бунинг натижасида директорлар кенгаши Жон Скаллини ёқлади ва Жобсни компаниядан ҳайдаш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундай бўлса-да, кейинроқ Стив Жобс Apple'га қайтди ва чин маънода уни қутқарди.

Жобс истеъфо даврида кейинчалик машҳур анимацион студияга айланган NeXT ва Pixar компаниясига асос солди.

Жек Дорси, Twitter

Жек Дорси 2006 йилда ўз ҳамкасблари - Эван Уильямс, Биз Стоун ва Ноа Гласс билан биргаликда Twitter'га асос солди. У 2008 йилга қадар компаниянинг бош директор лавозимида фаолият юритди, кейин эса самара кўрсатмагани учун истеъфога чиқарилди ва бошқарув раиси лавозимига тайинланди. Twitter'нинг янги раҳбари лавозимини эса Уильямс эгаллади.

Айтишларича, Дорси либослар дизайни ва йога билан ҳаддан ташқари қизиқиб, Twitter'га эътибор қаратмай қўйгани учун ҳам ўз лавозимини йўқотган.

Жерри Янг, Yahoo!

1994 йилда Жерри Янг ва Дэвид Фило бошқа сайтлар каталогидан иборат Jerry and Dave's Guide to the World Wide Web ("Жерри ва Дэйв жаҳон ўргимчак тўри гиди")ни ўйлаб топишди. Тез орада лойиҳа танилди ва "Yahoo!" дея қайта номланди.

Янг 2000-йилларга қадар - компания капитализацияси 22 миллиард доллардан ошганда ўз сайти ўсишидан баҳра олган. Бироқ тез орада муаммолар бошланган. "Google" компанияси "Yahoo!"га жиддий рақобат туғдирган. Янг компанияни 44,6 миллиард долларга сотиш имконига эга бўлган, бироқ бундан бош тортган ва танқидлар остида қолган. Охир-оқибат, 2009 йилда у ўзининг раҳбарлик лавозимини тарк этишга мажбур бўлди. 2012 йилда эса Жерри Янг компаниядаги барча лавозимларидан истеъфога чиқаётгани эълон қилинди.

Мартин Эберхард, Tesla

Дунё Илон Маскка бениҳоя ҳавас қилади, аммо унинг ҳамкасби Мартин Эберхард ҳақида кўпчилик ҳатто эшитмаган ҳам. Спорт автомобилларига жуда қизиққан бу муҳандис 2003 йилда Маскка Tesla компаниясига асос солишга ёрдам берган.

Эбер­хард 2007 йилга қадар компаниянинг бош директори лавозимини эгаллаган, бироқ кейин уни маслаҳатлашув кенгаши раҳбари лавозимига ўтказишган. 2008 йилда у компанияни бутунлай тарк этишига тўғри келган. У истеъфодан кейин шартномани бузганлик учун Tesla ва Илон Маскни судга берган. Натижада бу иш суд ҳукмисиз ҳал этилган.

Мавзуга оид