Спорт | 18:36 / 26.06.2017
10284
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек гроссмейстери Марказий Осиё давлатлари чемпионатида ғолиб бўлди

Фото: uzchess

Тошкентда шахмат бўйича Марказий Осиё давлатлари Ҳудудий чемпионатининг сўнгги, тўққизинчи тури бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, мусобақа ғолиб ва совриндорлари аниқланди.

Ўзбекистонлик 22 ёшли халқаро гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов 9 имкониятдан 7 очко жамғарган ҳолда олтин медални қўлга киритди.

Кумуш медаль тожикистонлик Муҳаммад Ҳусанхўжаевга насиб этди (6,5 очко).

Биринчи ва иккинчи ўрин соҳиблари 2017 йилнинг 2-28 сентябрь кунлари Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтадиган шахмат бўйича жаҳон кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бронза медаль эса қозоғистонлик Пётр Костенко томонидан қўлга киритилди (6 очко).

Аёллар ўртасида қозоғистонлик Динара Садаукасова тай-брейкда ўзбекистонлик Гулруҳбегим Тоҳиржоновани 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медаль ва аёллар ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова кумуш медаль билан чекланди. Бронза медални эса ўзбекистонлик яна бир шахматчи қиз Севара Боймуродова қўлга киритди.

Шунингдек, Ўзбекистон вакилаларидан Сарвиноз Қурбонбоева, Нодира Нодиржонова ва Баҳора Абдусатторова ҳам совринли ўринларни эгаллашди.

Мавзуга оид