Ўзбекистон | 18:31 / 03.07.2017
66949
1 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг собиқ ҳокимларидан бири раҳбарлик лавозимига қайтди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекциясига янги раҳбар тайинланди.

29 июнь куни тасдиқланган Вазирлар Маҳкамасининг шу ҳақдаги қарорига асосан Рустам Шоабдураҳмонов шу лавозимга тайинланган.

Рустам Шоабдураҳмонов 2001—2005 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият олиб борган. У шунингдек, турли йилларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазири ва вазир ўринбосари сифатида ҳам ишлаган, 1999-2004 йилларда Олий Мажлис депутати бўлган.

Эслатиб ўтамиз, дирекция Ўзбекистон ҳукуматининг 15 июндаги қарори билан ташкил этилди. У ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳаларга буюртма бериш, уларнинг сифатли амалга оширилиши устидан назорат қилиш билан шуғулланади.

Мавзуга оид