Light | 08:35 / 10.07.2017
23498
7 дақиқада ўқилади

Келажакдаги иш учун 7 муҳим кўникма

Биз кескин ўзгаришлар дунёсида яшамоқдамиз. Доимий равишда янги соҳалар пайдо бўлмоқда, аввалгилари эса эскирмоқда. World Economic Forum ҳисоботига кўра, юқори синф битирувчилари тайёрланаётган иш ўринларининг 65 фоизи келажакда йўқ бўлиб кетади. Ишчи кучи ва бизнинг билимларимиз кескинлик билан ўзгармоқда ҳамда ривожланмоқда. Иш ўринларининг технологик жиҳатдан автоматлашиши билан уйғунлашганда эса, муҳим савол келиб чиқади: келажак авлодлар учун қандай кўникмалар талаб этилади?

Таълим соҳасидаги мутахассис Тони Вагнер бутун умрини шу саволга жавоб излашга бағишлади. Вагнер таълим соҳасини тадқиқ қилиб, соҳа етакчилари билан суҳбатлашиб, келажакда керак бўладиган еттита кўникмани аниқлади. Улар кишиларга ўз салоҳиятларини тўла намоён этишларида ёрдам беради.

Танқидий фикрлаш ва муаммолар ечими
 
Биз талабаларга саволларга қандай жавоб беришни ўрганиб, кўп вақтни кетказамиз, бироқ, саволларни қандай бериш кераклиги ҳақида тушунча беришга эринамиз. Савол бериш, айниқса, яхши саволни бериш – танқидий фикрлаш учун жуда муҳим. Муаммони ҳал этишдан аввал тандиқий фикрлашингиз ва бу муаммога нима олиб келганини сўрашингиз керак. Шунинг учун танқидий фикрлаш ва муаммолар ечими кўпинча бир-бирига ҳамроҳлик қилади.

Вагнернинг таъкидлашича, бугунги кунда ишчи кучи бир неча йил аввалгидан анча бошқа ташкил этилган. Бугунги кунда аниқ муаммолар устида алоҳида кишилар эмас, балки турли гуруҳлар ишлаётганини кўриш мумкин. Эндиликда менежерда барча саволга жавоб йўқ – уларни топиш учун эса, изланиш лозим бўлади.

Аввало, айнан шу кўникмалар инновацияларга асос бўлади. Бизга кво-мақомни шубҳа остига олиш ва уни танқид қилиш керак. Бу янгиликларни жорий этиш ва муқобил вариантларни ўйлаб топишда қўл келади.

Тармоқлараро ҳамкорлик ва етакчилик таъсири

Бугунги кунда энг йирик трендлардан бири ишчи кучи контингентининг ўсиши ҳисобланади. Кейинги беш йил давомида доимий бўлмаган ва масофадан туриб меҳнат қилувчи ишчилар ўрта статистик компания ходимлари умумий миқдоридан 40 фоизни ташкил этади. Кўриш мумкинки, тармоқ орқали ишловчи ходимлар фоизи ортиб бораяпти. Трансмиллий корпорациялар ходимларга бутун сайёра бўйлаб турли офисларда ишлаш имконини бермоқда.

Технологиялар кишиларга чегараларсиз ишлаш ва ҳамкорлик қилишда ёрдам беради, ҳамда бу жуда қизиқ. Бироқ, тармоқлар ва алоҳида кишилар ўртасидаги рақамли ўзаро алоқалар шуни кўрсатадики, бизнинг ёшларни айнан шунга тайёрлаш лозим. New Horizons таълим ҳисоботига кўра, биз тармоқлардаги қўшма ишга глобал миқёсда эътибор берилаётганинини кўришимиз мумкин.

Бундай ҳолатда жамоа ичидаги етакчилик бироз камаяди. Жамоалар умумий мақсадда ишламоқда ва аниқ бир етакчига бўйсунмайдилар.

Чаққонлик ва мослашувчанлик

Биз амбициялар ва ноаниқликларга тўла мураккаб дунёда яшамоқдамиз. Мослашиш ва стратегияни аниқлаш жуда муҳим. Бизнинг билим ва фикрлашимиз йиллар давомида қатъий тартиб билан белгиланган жараёнга мослашиб борган. Биз бир нарсани бир марта қилишга ўрганиб, сўнг уни қайта ва қайта қилганмиз. Таълим одатга айланган. Бироқ, таълим олиш ҳеч қачон тўхтамаса нима бўлади? Бизга бундай шароитларда қулай бўлармиди?

Технологияларнинг таъсири шуни кўрсатмоқдаки, биз мослашувчан бўлишимиз ва жараённинг кутилмаган оқибатларига тайёр туришимиз лозим. Бизга тезкорлик билан ўрганиш ва ўз кўникмаларимизни доимий равишда яхшилаб бориш талаб этилади.

Ташаббус ва ишбилармонлик

Анъанавий равишда талабалар университетда ишлаш бўйича ташаббус кўрсатишади. Кўпчилик талабалар учун ташаббускорлик ва ишбилармонлик кўникмалари уларнинг дарсдан ташқари фаолияти бир қисми саналади. Қисқа муддатли тестлар ва билимларга эътибор бериб, аксарият ўқув дастурлари янгиликка чанқоқ инсонлар ва ижодкорларни илҳомлантириш учун ишлаб чиқилмаган.

Биз ёшларни етакчиликка ўргатмоқдамизми? Уларда ташаббускорлик етарлими? Жаҳон муаммоларини ҳал этишга кўмак бермоқдамизми? Вагнернинг аниқлашича, бизнес-етакчилар ҳаттоки корпоратив шароитларда ҳам доимий равишда янги имкониятлар, ғоялар ва татбиқ этиш учун янги стратегиялар қидирувчи ходимларни осонлик билан топа олишлари бир қадар мушкул экан.

Самарали оғзаки ва ёзма мулоқот

Partnership for 21st Century Skills тадқиқотига кўра, иш берувчилар орасидаги респондентларнинг тахминан 89 фоизи ўрта мактаб битирувчилари, абитуриентлар мулоқот қилишда “бироз қийналишларини” маълум қилишган.

Аниқ алоқа бу нафақат тил ва грамматикадан тўғри фойдаланиш масаласи, балки коммуникация кўп жиҳатларда аниқ фикрлашнинг давомидир. Ўз далилларингизни аниқлик билан тушунтириб бера оласизми? Бошқаларни нутқингиз билан илҳомлантириш қўлингиздан келадими? Маҳсулотни реклама қилиб, сотишчи?

Миллиардер-тадбиркор Ричард Брэнсон шундай деганди: “Алоқа – исталган етакчи учун энг муҳим кўникма”. Унинг таъкидлашича, бу кўникмага ўрганиш мумкин, ҳамда у кўплаб янги имкониятлар эшигини очиб беради.

Маълумотни баҳолаш ва таҳлил қилиш

Биз маълумотлар даврида яшамоқдамиз. Ҳар куни 2,5 квинтиллион байт маълумот яратилади. Бу 10 миллионта Blu-ray-дисклар дегани.

Маълумот олишимиз бир қадар осонлашган бўлса-да, ёлғон хабарларни олиш имконияти ҳам ошган. Кўпчилик рақамли дунёда маълумот манбаси ва унинг аниқлигини тўғри баҳолай олмайди. Бундан ташқари, базадаги маълумотлар, уни янгилагандан ҳам кўра тезроқ ривожланмоқда.

Шунингдек, сохта янгиликлар даврида фаол фуқаро турли манбалардан олаётган маълумотни танқидий руҳда қабул қилишга мажбур.

Қизиқувчанлик ва тасаввур

Қизиқувчанлик – янги билим ва инновацияларни излаш учун жуда кучли двигатель. Бу болаликка хос бўлган қўрқув кўникмалари ва дунё фонидаги ҳайратнинг давоми. Янгиланишларни кўриш ва кишиларни уларга олиб келиш учун кучли тасаввур керак. Альберт Эйнштейн тасаввур билимдан ҳам муҳим нарса эканини айтган.

Биз талабаларга саволларни тўғри бериш ва жавоблар топишга йўналтиришдан кўра, уларга қошиқлаб маълумот бермоқдамиз. Ўз дунёси чегараларидан ташқарида фикрлаш қобилияти, худди мактабда физика ёки математика бўйича дарс ўтилганидек, тарбияланиб бориши керак.

Мавзуга оид