Ўзбекистон | 19:20 / 19.07.2017
65791
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда банклар автокредит беришни тўхтатди

Фото: Uz24

Ўзбекистон банклари GM Uzbekistan автомобиллари учун автокредитлар тақдим этишни тўхтатди. Бу ҳақда Uz24 нашри хабар берди.

Нашр автокредит беришни биринчилардан бўлиб бошлаган банкларнинг бош офислари билан боғланган, улар ушбу хабарни тасдиқлашган.

Жумладан, «Асака» банк оператори «Афсуски барча кредит линиялари қайта молиялаш ставкасининг ошиши ҳисобига ёпилди», — дея маълумотни тасдиқлади.

«Автокредитларни тақдим этиш ростдан ҳам вақтинча тўхтатилди», — деган «Алоқабанк» ходими.

«Биз фақат иккиламчи бозордаги автомобиллар учун кредит бермоқдамиз. Бирламчи бозор ҳозирча ёпиқ. Қанча муддатга ёпиқлиги ҳам номаълум», — деди «Капиталбанк» ишчиси.

«Трастбанк» ходими ҳам автомобиллар учун кредитлар берилмаётгани, кредитлаштириш ёпилгани тасдиқлаган, яна қачон очилиши номаълумлигини айтган.

Автомобиль сотиб олиш учун кредитлар жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб берилаётган эди, ҳар бир банкда кредит тақдим этиш шартлари турлича эди.

GM Uzbekistan UZ24 нашрига маълум қилишича, компания банкларнинг кредит сиёсатига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.

Мавзуга оид