19:34 / 20.07.2017
19491

Тест синови: имтиҳон вақтини тўғри ва оқилона тақсимлаш бўйича таклиф

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари жорий қилинганига ҳам ҳадемай 25 йил тўлади. ОТМларга қабул қилишнинг бу адолатли усули йиллар давомида сайқалланди, янгиликлар билан бойитиб борилди. 

Барчамизга яхши маълумки, «тест» сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, «синов», «текширув» маъноларини англатади. Ҳозирда унинг замонавий шаклларини дунёнинг ривожланган давлатлари (АҚШда — SАТ ва АSТ, Буюк Британияда — А-level, Германияда — Abitur, Францияда — Baccalauréat en Fralevelnce) муваффақият билан қўллаб келмоқда. Тестнинг ушбу шакллари мазмун ва шакл жиҳатдан ниҳоятда мукаммал ишлаб чиқилганлигини эътироф этиш мумкин.

Масалан, Россия Федерациясида ОТМларга киришда ўтказиладиган имтиҳонларда абитуриентларга бериладиган вақтлар тақсимотини вақтлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, рус тили учун — 210 дақиқа, биология учун — 180 дақиқа, тарих учун — 210 дақиқа, инглиз тили учун — 180 дақиқа, математика учун эса — 235 дақиқа ажратилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. 

Ҳар қандай соҳа ислоҳотга муҳтож, сабаби ҳаёт ва замон тинимсиз давом этади, ривожланишдан тўхтамайди. Бугун тўғри ва самарали бўлган нарса, эртага нотўғри ҳамда самарасиз бўлиб қолиши мумкинлигини ҳеч ким рад эта олмайди. Шу сабабли ҳам бугунги кунда юритилаётган оқилона сиёсат натижасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида замон талабларини инобатга олган ҳолда, тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. 

Баъзи ижтимоий сайтларда 2017 йилги тест синовларида катта ўзгаришлар бўлиши айтилмоқда. Бу ўзгаришлар қай тартибда амалга ошади, буни вақт кўрсатади. Шу ўринда мен репетитор ўқитувчи сифатида юқоридаги синовлар хусусида ўз фикрларимни айтиб ўтмоқликни лозим, деб топдим.

1. Нега математика фанининг 6 та саволи ўрнига информатика фани саволлари қўшилди. Ахир информатика алоҳида фан-ку?! Уларнинг яқинлик даражасига келсак, табиий фанлар бўлмиш физика фанини ҳам, кимё фанини ҳам математик ҳисоблашларсиз тасаввур қилиб бўлмаслиги аниқ-ку? Қўпол қилиб айтганда, нафақат информатика, балки кимё ва физика ҳам математикани ўз «акалари», деб билишади. Жуда қўшиш эҳтиёжи бор экан, математикани «кемтик» қилмасдан, информатикани алоҳида фан сифатида киритиш мумкин-ку? Тўғри информатика ва ахборот технологиялари барча касб эгалари учун сув ва ҳаводай зарур. Шундай экан уни тест саволларига қўшмасдан (ёки алоҳида киритиб) олий ўқув юртларининг таълим жараёнига сингдириш лозим. Чунки, келажакда барча соҳаларни, биз хоҳлаймизми-йўқми, компьютерлар оламисиз тасаввур қилиб бўлмайди. 

2. Аввалги тузилган тест вариантларининг қийинлик даражаси деярли бир хил эди. Ҳозир эса шу адолат принципи сал бузилгандек, яъни баъзи вариантларга осонроқ, баъзи вариантларга қийинроқ саволлар йиғилиб қолгандек. Гарчанд, вариантлардаги саволлар бир хил типда тузилмаса ҳам, қийинлик даражаси фоиз нуқтаи назаридан тенг бўлиши керак чамамда. 

3. Техник фанлар йўналишига ажратилган вақт билан, табиий, ижтимоий, иқтисодий йўналишларга ажратилган вақт хусусида эътирозим бор. Чунки, математика ҳам, физика ҳам ҳисоблаш талаб этиладиган фанлар. Шундай экан техник фанлар блокига ажратилган вақт ҳақида ўйлаб кўриш лозим.

4. Айтмоқчи бўлган давомли фикрларим орасида қуйидаги «Ахиллес ва тошбақа» ҳақидаги парадоксни келтириб ўтмоқчиман.

Тасаввур қилинг, қадимги юнон олимпиадаси ғолибларидан бири Ахиллес билан тошбақа пойгада қатнашяпти. Бошланғич масофада улар ораси 100 метр. Улар бир пайтда бир хил йўналишда — Ахиллес тошбақа томонга, тошбақа эса Ахиллесдан қарши томонга ҳаракатлана бошлади. Файласуф Зенон Ахиллес тошбақага ҳеч қачон ета олмайди, дейди. Чиндан ҳам Ахиллес 100 метр юргунча тошбақа 10 метр, Ахиллес 10 метр юргунча тошбақа 1 метр, Ахиллес 1 метр юргунча тошбақа 10 см масофага илгарилайди. Яъни ҳар сафар Ахиллес тошбақа турган жойга етгунча, у шу нуқтадан қанчадир олдинда бўлади. Демак, Ахиллес тошбақага ҳеч қачон ета олмайди.

Хўш унда муаммонинг ечими қаерда? Парадокснинг ечими вақтнинг инобатга олинмаётганида. Экспертлардан шуни илтимос қилардимки, вариантларни шакллантириб бўлишгач, ўзлари шу вариантни худди шахматчиларники каби вақтга қараб ҳал қилиб кўришсин. Вариантларда шундай масалалар учраяптики, уни ечиш тугул, маъносини чақиб олишга 5 дақиқа вақт етмаяпти.

Тест тизими жорий қилинмасидан олдин кириш имтиҳонларида математика фанидан 5 та масалани ҳал қилиш учун 3 астрономик соат ажратиларди. Ҳозир эса 3 астрономик соатда абитуриент учун 108 та саволга жавоб топишга тўғри келмоқда. Бу аввалги абитуриентларга қараганда қарийб 22 марта тезкор бўлиш керак, деганими?

Ҳурматли экспертлар! Тест саволлари тузаётганда абитуриентларнинг сиздан кўра анча секин фикрлай олишларини, 1 август куни бўладиган ҳис-ҳаяжонни ҳам ҳисобга олинг-да! Бу билан саволлар осонлашсин, дейишдан йироқман. Парадоксда инобатга олинмаган, олий ҳакам, инсон тақдирини ўзгартириб юборадиган вақтни инобатга олиш керак, демоқчиман. 

Ўйлаймизки, узоқ йиллар давомида тўпланган ижобий тажрибани сақлаб қолган ҳолда, бу борада ривожланган хорижий давлатлар амалиётини ўрганиш, республикамиздаги малакали мутахассислар, педагоглар, олимлар, амалиётчиларни бу жараёнга жалб этиш орқали тест ўтказиш жараёнини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Бу эса тест ўтказиш жараёнларини янги босқичга олиб чиқади. Албатта, «Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури»да белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга ҳамда юксак умумий ва касб-ҳунар маданиятига, ижодий ва ижтимоий фаолликка, ижтимоий-сиёсий ҳаётда мустақил фикрлаш маҳоратига эга бўлган, истиқболдаги вазифаларини илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларнинг янги авлодини шакллантиришга хизмат қилади, деб ўйлайман. Президентимиз қайта-қайта таъкидлаётганидек, ҳаётга, табиатга, жамиятга, таълимга реал кўз билан қараш фурсати етмадимикин?

Муроджон Хўжаниёзов,
ўқитувчи.

Top