21:14 / 26.07.2017
13985

Молия вазири ўринбосари: Солиқ ставкаларини туширишга бизнес вакиллари ҳам тайёр бўлиши керак

Халқаро Пресс-клубнинг 26 июлда бўлиб ўтган сессиясида кичик бизнес вакилларига ҳам солиқ ставкаларини пасайтириш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу хусусда Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг айтишича, бир вақтлар иш ўринлари ошиши ва конвертларда маош бериш ҳолларига барҳам бериш мақсадида кичик ва микрофирмалар учун солиқ ставкалари ҳам туширилган, бироқ у акс натижа берган.
 
“Кичик корхоналарнинг иш ҳақи фондидан 15 фоиз миқдорида пенсия жамғармасига саккиз фоиз миқдорида суғурта бадаллари тўланади. Сингапур мисолида биздаги ставкалар юқорилиги айтилди, бу борада бир нарсани тўғрисини айтишимиз керак, олдинги кичик корхоналар ва кичик фирмаларга қўлланган ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз эди. Ўшанда берилган таклифга биноан солиқ ставкасини пасайтирайлик, иш ҳақи фонди ошади, шартномасиз ишлаётганлар расман ишлайди, деган таклиф берилган эди. Молия вазирлиги бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Лекин амалда нима бўлди? Масалан, охирги 3 йил таҳлил қилинадиган бўлса, 25 фоиздан 15 фоизга тушурганимиз ҳисобига давлат бюджети 400 млрд сўмга яқин пенсия жамғармаси йўқотди. Иш ўринлари деярли барпо этилмади”, - деди Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев. 

Модератор Қудратхўжаев, демак, бизнес буни тўғри қабул қилмагани хусусидаги фикрига Мирзаевнинг жавоб беришича, тадбиркорлар бундан кўзланган мақсадни қабул қилмаган. Унинг алоҳида уқдиришича, солиқ ставкаларини енгиллаштириш, пасайтиришга бизнес вакиллари ҳам тайёр бўлиши керак. Яъни пенсия жамғармаси ва бюджетга тушумдаги йўқотишларни янги иш ўринлари яратиш билан тўлдириш зарур. Акс ҳолда, ҳукумат бошқа солиқларни кўпайтиришга мажбур бўлади. Чунки, ижтимоий тўловларни вақтида амалга ошириш керак бўлади. Аммо, амалда янги иш ўринлари сезиларли яратилмаган. 

Шерзодхон Қудратхўжаев бу мавзуни якунлар экан, давлат ва солиқ тўловчи ўртасидаги муносабатда икки томонлама ҳаракат самара беришини, бир томонлама ҳаракат нотўғри бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, бу каби нарсаларга айрим бизнес вакиллари ҳали тайёр эмас. 

Top