14:52 / 29.07.2017
27962

Ёнғоқ плантацияси ташкил этиш учун нималарни билиш ва қилиш керак?

САВОЛ: Мен яшайдиган ҳудудга яқин жойларда ёнғоқ етиштириш учун қулай бўлган лалми ерлар мавжуд. Мен ушбу ерларда ёнғоқ плантанцияларини ташкил этмоқчиман. Шундай плантациялар ташкил этилган тақдирда, фаолиятим давомида ҳамкорлик қилишим мумкин бўлган ташкилотлар ҳамда республикамизда яратилган имтиёзлар юзасидан маълумот берсангиз.

З.АБДУЛЛАЕВ,

Сурхондарё вилояти

ЖАВОБ: Сиз мурожаат қилган масалага, шунингдек, ушбу соҳани ривожлантиришга республикамизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори  қабул қилинди.

Мазкур Қарор билан Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси, Ёнғоқ логистика маркази ҳамда «Sag agro МТП» МЧЖ ташкил этилди.

Белгиланган тартибга кўра, «Sag agro МТП» МЧЖ ёнғоқ ишлаб чиқарувчиларга агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича механизация хизматлари, «Ёнғоқ логистика маркази» ёнғоқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга, экспорт қилинадиган маҳсулотларни тайёрлаш ва божхона ҳужжатлари расмийлаштирувини таъминлашга ихтисослашади.

Сиз ёнғоқ плантацияларида агротехник тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ёнғоқ маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш масалалари юзасидан мазкур ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишингиз мумкин.

Шунингдек, мазкур қарор билан ёнғоқ плантацияларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан четдан олиб келинадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган томчилатиб суғориш ускуналари, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, ёнғоқ кўчатлари, пайвандтаглари, пайвандустлари, оналик материаллари, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида, божхона тўловларидан 2020 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга озод этилди.

Саволга Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Юридик бошқармаси бош мутахассиси Дилмурод ҲУСАИНОВ жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.

Top