01:04 / 07.08.2017
14286

Шайхонтоҳур тумани Бош имом-хатиби Наманган ва Андижон фахрийларини йўқлади

Фото: Шайх Зайниддин жоме масжиди Матбуот хизмати

Ёши улуғ инсонларни ҳурматлаб, эъзоз-икром кўрсатиш халқимиз қонига сингган азалий қадриятлари сирасига киради. Шу боис, бу масала мамлакатимиз ижтимоий сиёсатида ҳам алоҳида ўринга эга. 

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай улуғвор мақсадлар мужассам. Шу муҳим фармон асосида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига турли мукофотлар берилди, автомобиллар харид қилишда қулайликлар яратилди, ижтимоий ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. 

Энг қувонарлиси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг муборак Ҳаж зиёратига бориш бўйича билдирган истаклари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг таклифига биноан илгари Ҳаж зиёратига бора олмаган ёки бунга имкони бўлмаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Президент томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Ҳаж зиёратига юбориладиган бўлди. 

Нуроний-фахрийларга кўрсатилаётган бундай юксак ғамхўрликлар ва эътибор юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканини кўрсатиб турибди, десак муболаға бўлмайди. 

Куни кеча Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов, Наманган вакиллиги, тиббиёт ходимлари ва www.muxlis.uz диний-маърифий сайти жамоаси “Инсон манфаатлари ва халқ билан мулоқот йили” доирасида Наманган ва Андижон вилоятида сафарда бўлишди. 

Гуруҳ аъзолари дастлаб Наманган шаҳри, Чуст, Косонсой, Мингбулоқ, Уйчи туманида истиқомат қилувчи кексалар, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари билан учрашувларда иштирок этдилар, хонадонларини зиёрат қилдилар. Сўнг Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларида, жумладан Андижон шаҳри, Асака, Избоскан, Шаҳрихон, Булоқбоши, Олтинкўл, Андижон ва Пахтаобод туманларида ҳам бўлдилар. 

Учрашувлар кўтаринки рухда ўтиб, унутилмас таассуротларга бой бўлди. Юз билан юзлашган ёки бир асрдан ошган нуронийлар Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатлари, ўзбек жангчиларининг кўрсатган жасоратлари, қаҳрамонликлари, урушнинг халқимиз бошига солган кулфати ҳақида гапирар эканлар, бугунги юртимизда ҳукм сураётган тинчлик деган олий неъматнинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш зарурлигини таъкидладилар. 

Мулоқот давомида фахрийларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Раиси, муфтий Усмонхон Алимов томондан тақдим қилинган турли совғалар улашилди, шифокор назоратидан ўтказилди. Ўз навбатида нуронийлар ҳукумат томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, дуои хайрлар қилдилар.

Шайх Зайниддин жоме масжиди Матбуот хизмати

Top