09:45 / 12.08.2017
20161

Ўзбек тилининг мавқеини ошириш: бунинг учун қандай чоралар кўрилиши керак?

Фото: ЎзА

Она тилини чуқур ўзлаштириш бўйича қандай ўзгаришлар қилиш керак? Тил ҳар бир инсон учун энг асосий алоқа воситаси ҳисобланади. Тилни яхши билган инсон ўз ички туйғуларини, воқеа-ҳодисаларнинг баёнини ҳаммага тушунарли қилиб оғзаки ва ёзма равишда ифодалай олади. Тил ҳамма мутахассислик учун бирдай муҳим.

Албатта мамлакат ичида ҳамма тилларнинг орасида, она тили, ўзбек тили, давлат тили энг кўп ишлатилади. Таълим муассасаларида, давлат ташкилотларида, қисқаси ҳамма жойда алоқа биринчи навбатда давлат тилида бўлади.

Ҳозир ўзбек тилини она тили деб биладиганларнинг, сўзлашадиганларнинг она тилини билиш даражаси қандай? Менимча бу соҳада катта тадқиқотлар ўтказилгани йўқ.

Самарқанд давлат университети ректорининг ташаббуси билан, университетнинг барча талабаларини ўзбек тили бўйича саводхонлик даражасини билиш учун, улардан диктант, баён ва эркин мавзуда иншо олинди. Диктант ёзиш бўйича биринчи ўринда ўзбек тили ва адабиёти факультетининг талабалари, уларнинг 27 фоизи «2», 73 фоизи «қониқарли». Иккинчи ўринда биология-кимё факультетининг талабалари, уларнинг 67 фоизи ўтган, 33 фоизи «2» баҳо олган.

Бошқа факультет талабаларининг тақрибан ярми ўтган, ярми ўта олмаган. Университет бўйича 52 фоизга яқин талаба ўтган, 48 фоизи эса диктантдан «2» баҳо олишган.

Бунга тегишли энг сўнгги маълумотга кўра, СамДУга ўқишга қабул қилиш учун ҳужжат тошширган бир қисм абитуриентлар 5-6 мартадан ариза ёзган, битта шоввоз эса 59 марта ёзибди.

Мен ишлайдиган кимё бўлимида ҳам баъзи назоратлар ёзма шаклда ўтказилади. Баъзи талабалар «квант», «молекула» каби сўзларни тўғри ёзаолмайди. Ваҳоланки, бу сўзлар ўрта мактабда, лицей ва коллежда физика ва кимё фанларида ўтилади.

Иншо олган мутахассисларнинг гапига қараганда, талабанинг она тилидаги сўз бойлиги 500-1000 атрофида. Бундай сўз захираси билан ўз фикрини тингловчига (келажакда ўқувчига) ҳар томонлама тушунарли қилиб етказиш мумкин эмас экан.

Хўш, нима қилсак бу ерда иш ижобий томонга қараб силжийди?

Ҳозир ўзбек тилига катта эътибор берилганга ўхшайди, қонун қабул қилинган, тест синовларидаги битта фан албатта она тили, махсус институт ташкил қилинди ва ҳоказо. Лекин шунга қарамасдан талабалар ўртасида ўтказилган кичик тадқиқот шуни кўрсатадики, аҳвол ачинарли.

Чунки СамДУ талабаларининг ҳар бири йўналишга қараб камида 8–15 нафар абитуриентнинг орасидан танлаб олинган. Менимча, бошқа олий ўқув юртларида ҳам аҳвол шунга яқин бўлса керак.

Одатда тил ёшликдан ўрганилади. Биринчи навбатда оилада, боғчада, мактабда. Тилни ўрганишда бадиий адабиётнинг, китобнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун тилни айнан ёшликда ўрганиш ва ўргатиш керак. Агар биз ҳамма соҳада ўзимизга талабчан бўлсаккина бирор нарсага эришамиз. Бунинг учун меъёрни юқори қўйиб унга интилиш, меҳнат қилиш керак.

Бу масалада қуйидагича йўл тутишни таклиф қилмоқчиман: Биринчи навбатда боғчаларда, ўрта мактабларда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг ўзини ўзбек тилини билиш даражаси бўйича синовдан ўтказиш керак.

Иккинчидан, ўрта мактаб битирувчисининг ўзбек тилидан минимал билимини меъёрини аниқлаш керак. Агар битирувчининг ўзбек тилидан билим даражаси шу меъёрдан паст бўлса, унга ўрта мактабни тугатганлик тўғрисида аттестат бермаслик керак.

Буни қандай қилиб амалга ошириш мумкин? Давлат тест марказининг вилоятларда бўлимлари бор. Ўн бир йиллик мактаблар оёққа тургунча ва ишни йўлга қўйиб олгунча, шу бўлим раҳбарлигида вилоят мактабларида 6-синфдан бошлаб бир варақ ҳажмида диктант олинади. Диктантни ўзбек тилида хатосиз ёзадиган, физик, математик қисқаси — хоҳлаган фаннинг ўқитувчиси олиши мумкин.

Унинг натижаси ўша куни, ўша ерда эълон қилинади ва хоҳласа ота-онасига, ўқитувчиларига кўрсатилади. Диктант вилоят тест бўлимида ўқувчи мактабни тугатгунча сақланади. Балки 10-синфда диктант ўрнига баён олинар.

Тўрт йиллик натижа бўйича меъёрдан паст бўлганларни мактабига, ота-онасига агар аҳвол ўзгармаса, уни касб ҳунар коллежига, ё мактабни ўзида ҳунар ўргатишга, ўтказиш, ёки 10–11-синфларда ўқишни давом эттириш учун қолдирилган тақдирда ҳам, аттестат бермаслик айтилади. Бу иш то 11-синфнинг ноябригача давом эттирилади. 11-синфнинг ноябрь-декабрида охирги марта ўзбек тили бўйича тегишли синов ўтказилади, бу ерда ҳам натижа қаниқарсиз бўлса унга аттестат бермаслик керак.

Агар шундай қилинса, аттестат олганларнинг ва биринчи навбатда олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топширганларнинг ўзбек тили бўйича билимига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Бу масалада кўнгли бўшлик қилиш, боланинг психологиясига салбий таъсир кўрсатишини рўкач қилиб ҳар хил баҳоналар ахтариш, қисқаси бемаъни «ўзбекчилик» қилишга ўрин бўлмаслик керак.

Бир-икки йилда иш жойига тушади. Боланинг ва ота-онасининг кўзи мошдай очилади. Болани фақат дунёга келтиришнинг ўзи етмаслигини, унинг тарбияси, билими учун ҳам ота-она масъул эканлигини англайди.

Бу бошқаларга сабоқ бўлиб жамиятга анча ижобий таъсир кўрсатади. Вазирликка, ундан юқориларга қандай раҳбарлар келишидан қатъи назар, ишни қатъият билан узлуксиз равишда амалга ошириш керак, холос.

Кейинчалик 8-синфдан бошлаб математикани ҳам қўшиш керак. Математика бўйича 2 хоналик (катта синфларда 3 ва 4 хоналик) сонлар устида 4 амални (қўшиш, айириш, кўпайтириш, бўлиш) бажариш бўйича синовдан ўта олмаганларга ҳам аттестат беришни ҳожати йўқ. Қисқаси, бу ерда меъёрни белгилаш ўзимизга боғлиқ.

Бу ҳам янги «велосипед» эмас. Мен «велосипед» ихтиро қилишни жуда ёмон кўраман. Шунинг учун менинг деярли ҳамма таклифларим бошқа илғор мамлакатларда синовдан ўтган ва ҳаётга татбиқ этилган усуллар.

Кўпчилик хатларимда, таклифларимда айтганимдай, олдин биз ҳамма соҳаларда биздан олдинда кетаётганларга етиб олайлик, кейин ниманидир ихтиро қилишга киришамиз. Ҳозирча «бўйни йўғонлик» қилмасдан, «ўзига мос, ўзига хос» «қолип» ахтармасдан ва энг асосийси, вақтни йўқотмасдан биздан олдингилардан ўрганиш керак холос.

Масалан, Исроил давлатида айнан шундай қилинади. Исроилда ўрта мактабларда 12 йил ўқишади. Ўрта мактаблар ўқувчиларни етуклик аттестати (багрут) олиш учун имтиҳонларга тайёрлайди. Топшириш шарт бўлган предметлар бўйича ўтиш бали олган ўқувчилар етуклик аттестати олишади. Бундай предметларга иврит, инглиз тили, математика, Танах (Тавротни ифодали ўқиш) ва адабиёт киради. 2007 йилда 12-синфни тугатаётган ўқувчиларнинг 74,4 фоизи имтиҳон топширишган ва уларнинг 46,3 фоизи аттестат олган холос.

Исроилда ҳам ота-оналар ўз фарзандларини биз қатори яхши кўради, давлат ҳам бизнинг давлатимиз каби балки ундан кўпроқ ғамхўрлик қилади. Чунки Исроилда ялпи ички маҳсулотнинг тақрибан 10 фоизи таълимга сарфланади. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг маълумотига қараганда, Исроилда (катта ёшдаги) аҳолининг 45 фоизи олий маълумотга эга.

Бошқа ривожланган давлатларда ҳам шунга ўхшаш саралашлар бор. Беш бармоқ баравар бўлмагани каби, одамзот ҳам ақлий қобилияти ва билим даражаси билан бир биридан фарқ қилади. Шу табиий фарққа қараб ажратилиб, унинг «кучи», ақли етадиган даражада билим берилса, унинг ўзлаштириши шунча унумли бўлади.

Диктант олишда бир ўқувчининг ўрнига бошқасини киритиш, турли баҳоналар ўйлаб топиш, «катта» ва раҳбар одамлар томонидан болалари, набиралари учун тазйиқ кўрсатиш, аттестат ололмагандан кейин нима қилиш ва ҳоказо масалаларнинг ҳаммасига ечим топиш мумкин. Энг асосийси — ишни амалга ошириш учун хоҳиш-ирода ва қатъият бўлса бас.

Абдулла Қуватов,
СамДУ доценти.

Top