Хорижда яшаётган ўзбекистонликлар ва уларнинг фарзандлари учун ўзбек тилини ўргатувчи янги платформа ишлаб чиқилди. Янги платформа “Ватандошлар” жамоат фондининг муаллифлик ҳуқуқи асосида ягона автоматлаштирилган электрон порталга жойлаштирилган.
15 март куни “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигидан ишлаб чиқилган Ўзбек тили онлайн платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда хорижда ва қўшни мамлакатларда яшайдиган ватандошлар иштирок этишди.
Янги лойиҳа дунёнинг турли давлатларида яшаётган ватандошларнинг фарзандлари ўзбек тилини ўрганишлари, қадриятлар, урф-одатлар билан танишишлари, ўзбек тилида мулоқот қила олишлари учун яратилган.


“Ватандошлар” жамоат фонди раҳбари Одилжон Сатторов ушбу платформанинг яратилиши ҳақида айтиб ўтди:
“Хорижий давлатларда жуда кўп тадбирлар, учрашувлар ўтказамиз. Ватандошлар билан мулоқот қилганимизда улар: “Биз тилимизни, урф-одатларимизни биламиз, сақлаймиз. Аммо фарзандларимиз буни қандай уддалашади?” дея куйинчаклик билан гапиришади. Олдимизга шуни вазифа қилдикки, дастлаб онлайн дарслар ташкил қилдик, бунинг яхши ва ёмон тарафларини кўрдик. Чунки бир давлатда дарслар бошланганда бошқа давлат вақти тўғри келмайди. Бу масала бизни ўйлантирди ва Ўзбек тили онлайн таълим платформасини ишга туширишга қарор қилдик”.

Италиядаги Ўзбек миллий маданий маркази раҳбари Комила Киргизова фонднинг бу ташаббуси хориждаги ўзбекистонликлар ва уларнинг фарзандлари учун кераклиги ҳақида гапирди:
“Бу платформа айни муддао, бизга керакли нарса эди. Чунки “Ватандошлар” фонди билан бўлиб ўтган бир нечта учрашувларда бу ҳақида гаплашган эдик. Улардан ўзбек тилини ўргатувчи платформа яратишни илтимос қилган эдик. Фақат Италиядаги, балки бутун дунё мамлакатларида яшаётган ўзбеклар номидан гапирсам муболаға бўлмайди – хорижда яшаётган ўзбек фарзандлари учун бу жудаям муҳим.
Айнан Италияни оладиган бўлсак, жўғрофияси жиҳатидан у ерда шаҳарма-шаҳар уюштиришнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам фондга илтимос билан чиққандик, фарзандларимизда миллий ғурурни шакллантириш, Ўзбекистон ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиришда бу платформа жуда муҳим”, деди у.





















