Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“3 ёшли қизим 3 та тилда гапиради” – оналар болаларига қандай усулда тил ўргатяпти?
Болаларига бирданига бир нечта тил ўргатаётган оналарнинг фикрига кўра, ҳар қандай бола кичик ёшидан тил ўргана олади. Гўдакларни қийнамасдан, улар билан кўпроқ мулоқот қилиб ўйин тарзида тил ўргатиш мумкин.
Эрта ёшдан тил ўргатиш нафақат тил ўрганишни осонлаштириши, балки боланинг бошқа қобилиятлари ривожланишига, кейинчалик бошқа тилларни ўзлаштиришга ҳам ёрдам бериши ҳақида материал тайёрлаган эдик.
Бу галги материалда Ўзбекистонда ҳам болаларига гўдаклигидан тил ўргатиб, натижаларга эришаётган оналарнинг тажрибалари билан бўлишамиз.
“Тил ўргатаман деб болани қийнаб қўймаслик керак” – биринчи она тажрибаси
Маъсума Обиджонова, 3 ёшли Мунисанинг онаси
Болага тил ўргатишда энг асосий жиҳат мулоқот деб ўйлайман. Тил ўргатиш учун қизим билан 5-6 ойликдан (бола ўзи гапиришга ҳаракат қилиб, турли товушларни айта бошлагандан) шуғуллана бошлаганмиз. Ҳозир уйда, асосан, ўзбек тилида гаплашамиз, боғчасида рус тилида мулоқот қилади, дадаси эса фақат инглиз тилида гапиради.

Кичиклигидан уйдаги ҳамма нарсани инглиз тилида номларини айтиб чиқардим. Масалан, "This is spoon", "This is fork" тарзида. Яна супермаркетда соатлаб вақт ўтказардик. Чунки у ерда уйда йўқ нарсалар жуда кўп ва сўз бойлигини ошириш учун буюмларнинг номларини айтиб битталаб таништирардим. Юришни бошлагач, мен айтиб турардим, Муниса болалар саватчасига уларни соларди. Одатий тарзда уйда овқат пиширганда ҳам керакли сабзавотларни инглиз тилидаги номларини айтиб олиб беришини сўрардим.
Муниса 3 ёшда:
2 ёшида унга махсус планшет олиб бердик. Планшетда кунига тахминан 15-20 дақиқа инглиз тилини ўрганишга ёрдам берувчи ўйинлар ўйнайди, тил ўргатишига ёрдам берувчи мултфилмлар ҳам кўрамиз. Тил ўргатишда видеолардан фойдаланишда контентни тўғри танлашда эътиборли бўлиш керак.
Бир нечта тилда гапирадиган болаларнинг тили кеч чиқади деган гапларга ишониш керак эмас. Масалан, Мунисанинг тили жуда эрта чиққан, у бирданига инглиз ва ўзбек тилида гапира бошлаган, тушунган. Бола билан қанча кўп гаплашилса, унинг тили шунча тез чиқади.
Кўп тиллилик боланинг хотирасини мустаҳкамлар экан. Ҳозир Муниса 4-5 бандлик шеърларни ҳам осонгина ёдлай олади. Бундан ташқари, диққатини жуда яхши жамлай олади. Бирор нарсага киришса, то охиригача бормагунча қўймайди. Одатда, кичик ёшли болаларда тез чалғиб кетиш ҳолати кузатилади.
Яна битта нарсани қизимда сезяпман, у тил билгани учун бошқа ўзи билмайдиган тиллар, масалан, испанча ва немисчани ҳам ҳис қила олади, шу тилларда нимадир кўрса, эслаб қолиб такрорлайди. Миясида бу тилларни синтез қилаётганини сездим. Ва шунинг учун ҳозир унга тўртинчи қилиб турк тилини ўргатишни бошладик. Ўзим қизимга ўргатиш учун шу тилни ўрганишни бошладим.

Боласига эрта ёшдан тил ўргатмоқчи бўлган оналарга маслаҳатим болага айнан тил ўргатаман деб ҳаракат қилиш, уни мажбурлаш керак эмас. У билан кўпроқ мулоқот қилиш, қизиқишларини топа олиш ва айнан у хоҳлаган ўйинлар ёрдамида тил ўргатишга ҳаракат қилиш керак. Масалан, биз уй тозалаётган пайтимиз инглиз тилидаги "Clean up" мавзусидаги қўшиқларни қўямиз.
Мен қизимни кузатсам, у ўзи каби кичик болаларни яхши кўради. Шундан сўнг унинг ўзи учун Инстаграм саҳифаси очиб болаларга тил ўргатишни мақсад қилдик. Бунга Муниса қизиқади, у ҳозирдан камера билан ишлай олади.
“Тил билмайдиган оналар ҳам боласига тил ўргата олади” – иккинчи она тажрибаси
Барно Рўзиқулова, 2 ярим ёшлик Темурбекнинг онаси
Ҳозирги кунда асосий эътиборим фарзандимни ақлий ривожлантириш ва 3 ёшига қадар 5 тагача тилни ўргатишга қаратилган. Ўзим “Болаларга чет тилларни ўргатишда оналарнинг роли ва аҳамиятини ошириш” мавзусида илмий изланиш олиб боряпман. Темурбек ҳозирда 2 ёшу 5 ойлик. Ҳамма нарсага қизиқади ва ўзи синаб кўришни хоҳлайди, 3 та тилда гапиради, булар: ўзбек, инглиз ва рус.
Темурбек ҳали туғилмасдан илгари, ҳомила пайтиданоқ у билан инглиз тилида гаплашишни бошлаганман. Ҳозир эса кун давомида у мен билан инглиз тилида, дадаси билан рус тилида мулоқот қилади. Қолган оила аъзоларимиз эса ўзбек тилида гаплашади. Дадаси билан мен ўзаро ўзбек, баъзида инглиз тилида мулоқот қиламиз.
Болага эрта ёшдан тилни ўргатишда аниқ бир метод йўқ. Лекин муҳим рол ўйнайдиган омиллар бор. Булар меҳр ва эътибор. Темурбек тилни мулоқот орқали ўрганяпти. У билан уйқу олдидан ва бошқа вақтда биргаликда ўқийдиган китобларимизнинг барчаси инглиз тилида. Дадаси билан ўқийдилар болалар энциклопедияси эса рус тилида. Баъзида уйқуга кетар чоғида бошини силаб ўзбек тилида Эркин Воҳидовдан шеърлар айтиб бераман.

Биз кун давомида қиладиган барча ишларимиз ва Монтессори машғулотларимиз инглиз тилида. Яъни таом тайёрлаш жараёнини ҳам инглиз тилида айтиб бераман. Темурбек мултфилм кўрмайди, лекин мен билан мусиқа вақтида инглиз тилида караоке қилади.
Темурбек ҳозир 3 тилда гапира олади. У ўзининг хоҳишларини ўзига қулай бўлган тилда баён қилади. Инглиз тилида кўп мулоқот қилганлиги учун шу тилда хоҳишларини айтиш унга осонроқ. Бундан ташқари, у бир буюмнинг отини ҳеч қийинчиликсиз ҳаёлига келган тилдаги отини айтади, масалан унга “Daddy, wash hand” ёки, “Daddy, hand юв” дейди.
Тил билиш бошқа қобилиятларни ривожлантирадими?
Темурбекнинг 3 тилни билиши ва Монтессори машғулотларининг жуда кўп ижобий таъсирини кузатаман ва ёзиб бораман. Биринчиси – унинг икки қўлида ҳам бемалол ёза олиши, асосан чап қўлида ёзиши ва овқатланиши, шаклларни жуда тез ва аниқ эслаб қолиши. У инглиз тилида автомобил турларининг ҳаммаси қандай айтилишини билади ва ҳозирдан аниқ тасвирли расм чизади.
Иккинчи қобилияти эса хотираси ўткирлиги. Тожик тилида мулоқот қиладиган дўстимизнинг уйида тожик тилида “Не, биё, те, дидиташ, амакаш” деб гапира бошлайди, янги ўрганган сўзини жуда тез ёдлаб олади. Учинчидан, миясида тилни таржима қилади. Масалан: дадаси “Теперь надо сказать спасибо” десалар дадасига “Thank you” дейди. Ёки, ўзбек тилида холаси нимадир сўраса, инглиз тилида жавоб қайтаради. Рус тилида тана аъзоларини сўрасангиз, инглиз тилида айтиб беради. Бу унинг эшитган тилини инглиз тилига таржима қилиб, сизга жавоб бераётганини кўрсатади.

Болаларга меҳр, эътибор ва эркинлик бериш орқали унда ҳамма ижобий кўникмаларни шакллантириш мумкин, шу билан бир қаторда бошқа тилларни ўргатиш ҳам. Она инглиз ва рус тилини билмасдан туриб ҳам фарзандига ўша тилларни ўргата олади, бунда Монтессори таълим услуби ёрдамга келади.
Бундан ташқари, кўпроқ китоб ўқиб бериш, расмли карточкалар ва ўйинлар орқали бу жараён янада осонлашади. Тил биладиган онажонлар эса фарзанди билан кўпроқ мулоқот қилиши ва унинг жавобларини эшитиши лозим. Энг муҳими, эса барча жиҳозларни ва болажон билан ўтказиладиган машғулотларни аниқ тилда ўтказиши лозим.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:08 / 09.06.2026
Истанбулда ўзбекистонлик 6 ёшли бола трамвай остида қолиб, вафот этди
22:35 / 17.05.2026
Хитойда 11-қаватдан қулаган бола тирик қолди
15:26 / 05.05.2026
“Ҳожатхона излаб, трансформаторга кириб қолган” – Мингбулоқда ток урган бола қўлларидан айрилди
09:12 / 20.04.2026