Украина рус тилидан фойдаланишга чекловларни кучайтирди
Олий рада томонидан маъқулланган ва Зеленский томонидан имзоланган қонун лойиҳасига кўра, Украинада рус тилидан фойдаланиш бўйича чекловлар муддатсиз бўлиб қолади.
8 декабр, жума куни Украина президенти Володимир Зеленский Европа кенгаши экспертларининг тавсияларини инобатга олган ҳолда миллий озчиликлар ҳуқуқларига оид қонунларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Шу куннинг ўзида рус тилидан фойдаланишга чекловларни кучайтирувчи ҳужжат Олий рада томонидан маъқулланди.
Рада депутати Алексей Гончаренконинг Telegram-каналида хабар беришича, ушбу қонун лойиҳасида «тиллари Европа Иттифоқининг расмий тили бўлган» миллий озчиликлар учун илгари қабул қилинган қонунлар қоидаларини енгиллаштириш назарда тутилган.
Хусусий мактаблар ва университетларда, миллий озчиликлар синфларида, оммавий ахборот воситаларида ва сайловолди ташвиқотларида Европа Иттифоқи тиллари бўлган миллий озчилик тилларидан фойдаланишга рухсат берилади. Бундай ҳолда, украин тилини ўрганиш ёки украин тилида такрорий маълумот бериш мажбурийдир.
Қрим-татар ҳамда маҳаллий халқлар ва миллий озчиликлар тилларида китоблар нашр этувчи нашриётлар қонун билан Украинанинг 50 фоизлик квотасидан озод қилинган. Украин тилидан ташқари, Европа Иттифоқи тилларида ҳам эфирга чиқадиган телерадиокомпаниялар учун украин тили бўйича 30 фоиз ёки ундан кўп миқдорида квота белгиланди.
Бу ўзгаришларнинг барчаси рус тилига тааллуқли эмас, у «Украина Олий радаси томонидан тажовузкор сифатида тан олинган давлат тили ҳисобланади», дейилади қонун лойиҳасида. Рус тилидан фойдаланиш бўйича чекловлар муддатсиз бўлиб қолади.
Миллий озчиликлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш - ЕИ талаби
Украина томонидан миллий озчиликлар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Еврокомиссиянинг ЕИга кириш учун номзод мақомини бериш доирасидаги талабларидан бири эди.
Ноябр ойи бошида Еврокомиссия Украинанинг аъзо бўлиш бўйича музокараларга тайёрлиги ҳақидаги ҳисоботини тақдим этди. Унда музокаралар жараёнини бошлаш тавсия қилинди. Шу билан бирга, тавсияномада мамлакат муҳим йўналишларда – ишончли ва мустақил суд тизимини яратишдан тортиб, озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши чораларни жорий этишгача бўлган соҳаларда янада кўпроқ муваффақиятга эришиш зарурлиги ҳақидаги «техник жиҳатлар» мавжуд.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024