09:40 / 12.08.2017
5741

Зангиота туманида 10 млн сўмлик заргарлик буюмларини ўғирлаган аёл қўлга олинди

Зангиота тумани ИИБга жорий йилнинг 29 июль куни Масалбой қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, уй бекаси, 1972 йилда туғилган Моҳира Араббоева (исм-фамилияси ўзгартирилган) ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 16 июнь кунига ўтар кечаси номаълум шахс, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, эркин йўл билан кириб, уйидан умумий нархи тахминан 10.000.000 сўм бўлган 1 дона аёллар тилла узуги ва 1 жуфт аёллар тилла зиракларини ўғирлаганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ хабар берди.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Моҳира Араббоеванинг уйида вақтинча яшаб юрган, Тошкент шаҳрида яшовчи, уй бекаси, 1984 йилда туғилган Нодира Нурсултонова содир этганлиги аниқланиб, ушланди.

Янгийўл туманида жорий йилнинг 31 июль кунига ўтар кечаси номаълум шахс, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, эшик қулфини бузиш йўли билан кириб, уй бекаси, 1961 йилда туғилган Шохида Янгибоевага тегишли Янгийўл тумани Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини Охунбобоев кўчасида жойлашган омборхонадан нархи тахминан 3.000.000 сўм бўлган «Xing» русумли музлатгич, нархи 160.000 сўм бўлган тарози ва нархи 150.000 сўм бўлган «Нокиа» русумли уяли телефон аппаратини ўғирлаб кетган.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу жиноятни Янгийўл туманида яшовчи 1991 йилда туғилган Моҳирбек Нарзуллаев содир этганлиги аниқланиб, ушланди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top