15:15 / 18.08.2017
52281

Иноятов: Сўнгги 5-6 йил ичида мактаблар пахта теримига умуман жалб этилмаган

Фото: Kun.uz

Таҳририят Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан очиқ мулоқот ўтказди. Вазир Кун.uz журналисти билан суҳбатда халқ таълими тизими ходимларининг меҳнатга жалб этилиши масаласига тўхталиб ўтди.

“Ҳар бир инсон ўзининг уйини ўзи тозалаши, обод қилиши керак. Ҳар бир мактабда ишловчи ўқитувчи ва ўқувчи ўзининг мактабини обод қилиши керак. У ўзининг мактабини, ҳудудини, кўчасини тозаламаса, барча ер чиқинди бўлиб кетади-ку. Ўзи ўша ерда яшаб, ўша ерда нафас олади-ку. Мактабни обод қилиш жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Биз ўқувчиларимизда меҳнатга кўникмани шакллантиришимиз керак. Бу бутун дунёда қилинадиган иш. 

Сўнгги 5-6 йилнинг ичида мактаблар пахта йиғим-теримига умуман жалб этилмаган. Халқаро ташкилотлар бор, улар бунинг барчасини кузатиб туришади. Жамоатчилик, ота-оналар бор. Улар фарзандини ўқиш ўрнига, пахта даласига чиқартириб қўймайди. Бу қатъиян ман этилган. Энди айрим ўқитувчиларимизнинг дарсдан кейин чиқиб, ўзи учун маблағ ишлаши – марҳамат. Уйи даланинг олдида бўлса, бунинг ёмон жиҳати йўқ. Ўзбекистоннинг бойлиги учун чиқиб, ўзининг яна пул ишлаб олиш имконияти бор. Лекин мажбуран ҳеч ким бу ишга жалб этилмайди”, - деди вазир.

Маълумот учун, Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов билан очиқ мулоқотнинг тўлиқ шакли тез орада сайтда тақдим этилади. 

Top