Бугун, 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII қурултойи бўлиб ўтди.

Қурултой кун тартибида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда номзоднинг дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди. Партия Марказий Кенгашининг жорий йил 12 май куни бўлиб ўтган пленумида Халқ демократик партиясидан партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов номзодини илгари суриш ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Шундан сўнг Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ваколатли вакили Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этишга ижозат сўраб Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни топширди. Ҳужжатларни ўрганиб чиққан Марказий сайлов комиссияси ЎзХДПнинг 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этиши учун ижозат берди.

Сўзга чиққан партия фаоллари Улуғбек Иноятов номзодини қўллаб-қувватладилар. Қурултойда номзод масаласи бўйича муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон президенти сайловида Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятовни номзод сифатида кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзоднинг Дастури тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди. Номзод дастурида кўзланган асосий мақсад мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этишдир, дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. 

Ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси сифатида кучли ижтимоий сиёсат соҳасида пенсия тизимини такомиллаштириш, “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги, “Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш, “мактаб солиғи”ни жорий этиш, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ташаббуслар илгари сурилмоқда.