12:55 / 06.09.2017
19047

Томорқага кўмилган қурол топилди

Ўқ-отар қуроллар инсон ҳаёти ва жамият осойишталиги учун хавфли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ноқонуний равишда сақлаш, олиб юриш ва божхона чегаралари орқали олиб ўтиш қатъиян ман этилган.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Хатирчи туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида қурол ва ўқ-дориларнинг яширин равишда сақланаётганлиги фош этилди.

Фуқаро Т.Ё.нинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳовлидаги томорқага 1 дона ўқ-отар ов қуроли, 2 дона гильза, 7 дона қўлбола усулда тайёрланган патрон, 50 гр. сочма дроб ва бошқа мосламалар полиэтилен қопга солинган ҳолда кўмиб қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Респбуликаси Жиноят кодексининг 248 моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суд хукмига биноан ашёвий даллиллар давлат эгалигига ўтказилди. Фуқарога нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Товарлар экспортини рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармони талабларига кўра Ўзбекистон Республикаси худудига махсус рухсатномасиз қурол яроғ, ўқ-дори ва уларнинг қисмларини олиб кириш тақиқланган.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида қўшни давлатдан кириб келган фуқаро С.Алимардонов божхона назоратидан четлаб ўтиб, 39 дона бўш гильзалар, 198 дона елим гильза пистонлари, 57 дона елим гильзалар ва бошқа мосламаларни божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида республика божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 74 та қонунбузарлик ҳолатларида 31 та овчилик қуроли, 12 дона ўқотар қурол, 621 дона патрон, 4,5 минг донадан ортиқ капсула, 1700 донадан ортиқ гильзалар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган.

Top