Фан-техника | 14:55 / 11.09.2017
20721
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда суперкомпьютер қурилиши режалаштирилмоқда

Фото: shra.ru

Ўзбекистонда яқин йилларда суперкомпьютер пайдо бўлиши мумкин. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида чиқиши вақтида шу ҳақда гапириб ўтган.

«Доимий қўмитанинг аъзо давлатлар ҳудудида олтита Юқори самарали компьютер марказини ташкил этиш тўғрисидаги тавсиясига мувофиқ, шундай марказлардан бирини Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёр эканимизни билдирамиз. Биз ёш олимларга билим ва тажриба алмашиш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш имконини берадиган Мусулмон олами ёш олимлари халқаро марказини тузишни таклиф этамиз», — деган давлат раҳбари.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ИҲТ иштирокчи давлатларини замонавий технологияларни ривожлантиришга эътибор қаратишга чақирди. У айни вақтда мусулмон давлатлари фан ва технологиялар соҳасида ортда қолаётганини тан олиш лозимлигини таъкидлаган.

«Айни вақтда кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолаётганини тан олиш лозим. Масалан, аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос. Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги биру ўндан тўққиз фоизни ташкил этган. Ташкилотга аъзо давлатларда 2016 йилда эълон қилинган илмий мақолаларнинг қарийб 80 фоизи 7 та давлат ҳиссасига тўғри келган», — дея қайд этган Мирзиёев.

Унинг фикр билдиришича, аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаяпти.

«Ўйлайманки, фундаментал фан соҳаларини ривожлантириш, даврнинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар топишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратади. Мирзо Улуғбекнинг астрономия фани ривожидаги бебаҳо ҳиссасини эътиборга олиб, Самарқанд шаҳрида замонавий телескоп ўрнатиш тўғрисидаги таклифни биз миннатдорлик билан қабул қиламиз», деган Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев Ўзбекистон илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциялашган ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилган.

«Доимий қўмита ҳомийлигида Ўзбекистонда Ал-Хоразмий хотирасига бағишлаб, ёш математиклар ўртасида Халқаро олимпиадани ташкил этишни таклиф қиламиз», — деган президент.

Мавзуга оид