23:25 / 16.09.2017
38938

Тўлов терминаллари ижараси ва пластик карточкалар бўйича тўловлар ҳам сўмга ўтказилди

Фото: KUN.UZ

Марказий банк Ўзбекистон банклар Ассоциацияси билан ҳамкорликда сўм пластик карточкалари воситасида банклараро чакана савдо тизимида мижозларга хизмат кўрсатишда тижорат банклари ва нобанк кредит ташкилотлари учун тавсия этилган тариф режасига бир қатор қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритди, деб хабар қилади Марказий банк расмий сайти.

Киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар давлатимиз раҳбарининг «Пул айланмаси ва банк пластик карточкалари воситасида ҳисоб-китобларни ривожлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ва «Валюта сиёсатини либераллаштиришнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони доирасида қабул қилинган. Янги тариф режасига кўра, юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар учун тўлов терминалларининг илгари 5 ва 2,5 еврогача миқдорда бўлган ижара тўлови энди сўмга ўтказилди ва мос равишда 25 минг ва 15 минг сўмни ташкил этади.

Олдинги тариф режасига кўра жисмоний шахсларга йўқотилган ёки бузилган пластик карталар ўрнига янгиси берилганида 5 евро миқдорида тўлов олинар эди, юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлардан олинадиган тўлов миқдори 10 еврогача бўларди. Энди бу хизмат учун жисмоний шахслардан 10 минг сўм, юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлардан 15 минг сўм олиш тавсия этилмоқда.

Илгари юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар учун корпоратив пластик карточка эмиссия қилинганида тижорат банклари 5 еврогача бўлган миқдорда комиссия ҳақи олар эди. Энди янги тариф режаси бўйича ушбу хизмат учун тавсия этилган миқдор 15 минг сўмни ташкил этмоқда.

Аввалгидек, жисмоний шахслар учун (ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва оилавий харажатлар учун) пластик карточкалар эмиссия қилинганида, шунингдек уларни қулфлаш ёки қулфдан ечиш (жумладан, «стоп-лист» рўйхатига қўшиш) учун тўлов олинмайди.

Тижорат банклари банк карталари фойдаланувчилари томонидан қизиқишни кучайтириш учун турли рағбатлантирувчи бонуслар, дисконт ва мукофотлаш хизматларини жорий этиш амалиётини давом эттиришади.

Top