Ўзбекистон | 22:50 / 20.09.2017
14272
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Болгария президенти билан учрашди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Болгария Республикаси Президенти Румен Радев билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Икки давлат раҳбарлари 13 сентябрь куни ушбу сана муносабати билан бир-бирларини қутладилар. 

Олий даражадаги мазкур учрашувда Ўзбекистон – Болгария муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очиш зарурлиги, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар ўзаро манфаатли экани таъкидланди. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан давлатларимизнинг ёндашувлари яқин экани икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга асос бўлади. 

Болгария Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли шерикларидан бири. Мамлакатимизда Болгария инвестициялари иштирокида тузилган 14 корхона фаолият юритмоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 миллион долларни ташкил этган. Учрашувда бу кўрсаткич мавжуд имкониятларга мос эмаслиги, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантириш учун катта иқтисодий салоҳиятга эга экани таъкидланди. 

Ўзбекистон Болгария бозорига кимё, электр техникаси, тўқимачилик ва кабель маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ўғитлар, мева-сабзавот етказиб бериши мумкин. Фармацевтика, косметика, электр техникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари мавжуд. 

Шунингдек, транспорт-коммуникация, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. 

Мулоқотда шу жабҳаларда аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш мақсадида ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга келишиб олинди. 

Румен Радев Болгария Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни, Марказий Осиёда давлатлараро мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қадрлашини таъкидлади. 

Президентимиз Болгария Президентини ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди. 

Учрашув дўстона ва амалий руҳда ўтди. 

Мавзуга оид