18:52 / 27.09.2017
28587

ФХХ: Доку Умаров дафн этилган жой аниқланди

Фото: Wikimedia

Ингушетия ҳудудида Доку Умаров дафн этилган жой топилди, дея хабар беради Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФХХ) жамоатчилик билан алоқалар маркази.

Умаровнинг қабри «узоқ муддатли, аниқ йўналтирилган қидирув тадбирлари натижасида» тоғ-ўрмон ҳудудида топилган.

«Шимолий Кавказ бандитлари етакчиси Доку Умаров ва унинг тўдаси тўрт нафар аъзоси қабри топилди. Улар 2013 йил сентябр ойида хавфсизлик кучлари махсус амалиётлари пайтида ўлдирилган», - дея маълум қилишган ФХХдан.

Аввалроқ, бир нечта оммавий ахборот воситаларининг норасмий манбалари Доку Умаров дафн этилган жой ҳақида хабар беришганди, аммо ФХХ бу маълумотларга изоҳ бермади.

Доку Умаров чечен экстремистларининг етакчиси бўлиб, Россияда террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган «Кавказ амирлиги»ни ташкил этган ва унга раҳбарлик қилган.

Бунга қадар, 2006 йилдан тан олинмаган Чеченистон Ичкерия Республикаси (ЧИР) президенти, вице-президенти ва Миллий хавфсизлик хизматининг бошлиғи (2005-2006), давлат хавфсизлиги вазири (2004-2005), ЧИР Қуролли кучларининг Ғарбий фронти қўмондони (2002 йилдан). 1997-1998 йилларда ЧИР Миллий хавфсизлик кенгаши котиби бўлган. Бригада генерали (1996).

Доку Умаров Кавказни эркин ва исломий қилиш, «қонун ва адолатни ўрнатиш»га ҳаракат қилаётгани ҳақида маълум қилган. Илгари у Чеченистоннинг мустақиллиги учун курашган. Узоқ вақт давомида у ўғирлик, қотиллик, одам ўғирлаш, террорчилик ҳаракатларини содир этиш, ҳокимиятни ағдаришга ва этник нафратни қўзғатишга чақирганликда айбланиб федерал қидирувда бўлган. Рамзан Қодировнинг сўзларига кўра, Умаров одамларни ўғирлаш бўйича мутахассис бўлиб, «шахсан уларни ўққа тутиб, ўғирлаб кетилганлар учун тўлов сўраган».

Шомил Басаевнинг ўлимидан кейин Россияда «Террорчи №1»га айланган Умаров кўплаб терактларга алоқадор. Хусусан, у 2009 йилги «Невский экспресс» поездининг портлатилиши, 2010 йилда Москва метросидаги портлашлар, 2011 йилнинг январь ойида «Домодедово» аэропортидаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Умаров 2010 йил 23 июнда АҚШ томонидан халқаро террорчилар рўйхатига киритилган. 2011 йил 11 мартда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Доку Умаровни «Ал-Қоида» билан алоқадор террорчилар рўйхатига киритди. 2011 йил 26 май куни АҚШ унинг қаердалиги ҳақида маълумот учун 5 миллион долларлик мукофотни эълон қилди.

2011 йилда дунёдаги энг қидирилувчи 10 жиноятчи рўйхатидан жой олган.

Top