Спорт | 22:50 / 02.10.2017
15553
3 дақиқада ўқилади

6 сентябрь Кураш куни этиб белгиланди

Фото: usport.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни Президент расмий сайтида келтирилган.

Қарорда кураш миллий спорт турини аҳоли, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида янада ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жаҳон спорт майдонида юқори натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида 6 сентябрь — Кураш миллий спорт тури куни сифатида белгиланган.

Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда курашни янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши белгиланди. Дастурда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

Нукус шаҳри ва вилоят марказларида кураш марказлари, ҳар бир туман ва шаҳарда замонавий спорт клублари ва сексияларини ташкил этиш;

кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирларни доимий асосда ташкил этиш ва ўтказиш;

кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирлар иштирокчиларининг автоматлаштирилган маълумотлар базасини жорий этиш;

кураш йўналиши бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига қабул квоталарини ошириш;

мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган «яктак» спорт кийимлари ва «кураш гилам»ларини ишлаб чикаришни ташкил этиш;

курашни, шу жумладан, реклама кампанияларини ўтказиш ва ижтимоий роликларни намойиш этиш оркали оммалаштириш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси курашни «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Универсиада» спорт ўйинлари дастурига ўрнатилган тартибда киритилишини таъминлаши белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон кураш федерациясининг Ўзбекистон кураш федерацияси ҳузурида «Кураш миллий спорт тури маркази» нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш ва Тошкент шаҳар, Корхожаота кўчаси, 25-уй манзили бўйича жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Мавзуга оид