Андижон солиқ идораси лоқайд ташкилотнинг 45 миллиондан зиёд қарзини ундирди
Жамиятимизда фаолият кўрсатиб, даромадларини ошириб, турли соҳаларда меҳнат қилиб келаётган шундай “солиқ тўловчи”ларимиз борки, улар давлат бюджетига тушиши, тўланиши зарур бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни унутиб қўйишади. Афсуски, солиқ тўловларидан бўйин товлаб юрган юртдошларимиз ҳам орамизда йўқ эмас. Уларнинг қилмишлари Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган назорат тадбирларида фош этилмоқда. Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Шохруҳбек Эгамназаров KUN.UZ'га шу ҳақида хабар берди.
Улуғнор туманидаги “Дўстлик” сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раҳбарияти томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан 45 миллион 983 минг 700 сўм қарздорлигини қонунда белгиланган муддатларда тўламаганлиги оқибатида ушбу солиқ ва тўловларга нисбатан 26 миллоин 882 минг 600 сўм устама жарима (пеня) ҳисобланиб, жами қарздорлик 72 миллион 866 минг 300 сўмга етган. Мажбурий ижро бюроси томонидан берилган 5 кунлик муддатда ҳам тўловлар амалга оширилмаганидан сўнг мазкур корхона тасарруфидаги МТЗ 82-1 русумли трактор хатланди ва вақтинчалик жарима майдончасига элтиб қўйилди.
Шунингдек, “Улуғнор Агросервис” маъсулияти чекланган жамиятининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан оз эмас, кўп эмас 20 миллион 621 минг 900 сўм қарздорлиги мавжуд экан. Корхона томонидан ушбу тўлов амалга оширилмаганлиги учун балансидаги давлат рақами 60 824 МАА бўлган “Дамас” русумли автомашина хатланиб, “ким ошди” савдоси орқали сотиш учун ҳужжатлар тайёрланди.
Қўрғонтепа туманининг Мусаев кўчасида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Ойбек Исломовнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги 6 миллион 804 минг 700 сўм. Шу кунгача тўланмаётгани боис, “Матиз” русумли давлат рақами 60 P 254 JA бўлган автомашинаси хатланди.
Пахтаободлик Икромжон Аҳмадохуновнинг солиқдан 3 миллион 365 минг 938 сўм қарзи бор. Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг тегишли ижро ҳужжатига асосан ундирилиши шарт. Қарздорнинг яшаш манзилига борилиб, ижро ҳужжатининг мазмуни тушунтирилганида, у тўлов имконияти йўқлигини маълум қилди. Шундан сўнг И.Аҳмадохунов хонадонидаги қорамол хатловга олинди. Қарз тўлангач, эгасига қайтарилади.
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, ҳеч ким қарздан қочиб қутулолмайди. Аксинча, мажбуриятини унутган инсон ўзи учун ташвиш орттириб олишини кундалик ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Қонун доирасидан чиқмаган, тўғри ишлайдиган инсоннинг турмушида ҳам, топган даромадида ҳам барака бўлади. Ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратаётган ана шундай юртдошларимизни ҳар қадамда кўриб турибмиз. Аммо тўлов қобилияти бўла туриб, беписандлик қилган, қарздорлигини бартараф этишдан бўйин товлаган кишиларнинг оддий фуқаролик бурчини англаб етмаганига ёинки тушунишни хоҳламаганига ҳайрон қоласан киши. Ахир қонун-қоида ҳамма учун бирдек амал қилади, деган оддий ҳақиқат бор-ку.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
07:37 / 08.11.2024
202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди
14:41 / 06.11.2024