Жамият | 23:10 / 03.10.2017
28078
11 дақиқада ўқилади

Мўъжизалар излаб Мисрдан Иорданиягача. Биринчи мақола

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими муассислигидаги «Олам аро» журналининг навбатдаги сонлари мавзуси муҳокама қилинаётган эди. Бош муҳаррир Севара Алижонова гап орасида кўчманчи араб–бедуинлар ва Иордания Подшоҳлигидаги қадим Петро шаҳри ҳақида гапириб қолди. Саёҳат ва саргузаштларнинг ашаддий ишқибози бўлмиш камина учун шу гапнинг ўзи етарли эди. Мен харита титиб, Петрога энг қулай ва яқин йўл изладим. Бу Миср орқали йўл эди. Элчихонадан виза олишга кетган 3-4 кунни ҳам қўшганда бир ҳафта ўтмай Қоҳирага етиб бордим.

Миср сирли, сеҳрли диёр. Ҳар гал унинг шаҳар-у қишлоқларини ҳайрат билан кезаман. Маҳаллий кишилар билан араб қаҳвасидан ичиб, чилим тортиб, суҳбатлашишнинг гашти ўзгача. Бу ернинг туб халқи тарихда не-не азобли кунларни бошдан кечирмади, дейсиз. Эрамиздан аввалги 3 мингинчи йилларда фиръавнлар куч-қудратга тўлиб, 80-100 минг одамни ишлатиб, дунёнинг энг узун ва серсув дарёси бўйидаги Гиза водийсида бирин–кетин пирамидалар қура бошладилар. Улар ўша даврда ҳам, ҳозирда ҳам маҳобати ила инсон ақл-у заковати, қудратига қўйилган мангу ҳайкал бўлиб турибди.

Пирамида аслида фиръавн учун хилхонадир. Фиръавнлар бу ёруғ оламдан кўз юмгач, жуда катта бойлик – олтин қопланган хоналар, мўмиёланган танаси солинадиган саркофаг ва яхлит олтин ёмбидан ясалган ниқоб, беҳиссоб зебу – зийнатлар қўшиб дафн этилган. Уларнинг ақидасига кўра, вақти келиб фиръавн тирилади ва яна ҳукмронликни давом эттиради. Одатда фиръавн хилхонасини пирамидани қурган саноқли уста ва унинг энг содиқ мулозимлари билган ҳамда уларнинг барчаси дафндан сўнг ихтиёрий ўлимга маҳкум эди. Фиръавн учун жон фидо қилмоқлик у билан яна дунёга қайта келиш кафолати деб инонар эди улар.

Олимлар Миср пирамидалари фиръавнларнинг тўртинчи авлоди даврида, эрамиздан аввалги 2639-2506 йилларда бунёд этилган деб ҳисоблашади. Ҳозиргача фиръавнлар Хеопс, Хефрен, Микеран бунёд этган пирамидалар ўз даврининг салобатини сақлаган ҳолда сайёҳларни ҳайратга солиб келмоқда.

Тарих салкам 5 минг йилнинг сўнгги уч – уч ярим минг йилида мисрликларни не кўйга солмади, дейсиз. Осиё, Оврўпада куч – қувватга  кирган саркарда борки, ҳаммаси бу юртга қилич кўтариб келди. Мақсад – фиръавн бойликларига  эгалик қилиш бўлган. Лекин уларнинг ҳеч бирига тарих кулиб боқмади. Искандар Зулқайнарн (Македонский) гина омадсиз сафардан қайтаётиб, Ўрта Ер денгизи соҳилида ҳозирги Александрия деб аталувчи шаҳарга асос солиб кетди. Рим императорларидан француз Банопарт Наполеонгача, Мисрда 150 йил давомида ҳукмронлик қилган турк усмонийларидан инглиз босқинчиларигача ҳеч бири фиръавнлар сирини, табиийки беҳисоб олтин, дуру-гавҳарларни топа олмай армонда қолди.

Илм – хазина калити деб олимлар, археологлар тахмин ва кашфиётлари оламшумул янгиликка дарча очгач айтилган бўлса ажаб эмас. XIX-XX асрлар давомида Миср хазиналарининг сири ошкор бўла бошлади. Хеопс, Тутанхамон, Рамзес II ва яна ўнлаб фиръавнлар хилхоналари топилди. Дарҳақиқат, уларнинг мўмиёланган жасадларига беҳисоб бойлик қўшиб дафн этилгани исботланди. Бугун бу ноёб хазиналар ва мўмиёланган жасадлар Қоҳира музейида турибди. Ҳар гал улар қаршисида инсоний имкониятнинг чеки йўқлигига такрор иймон келтираман. Мана бу эрамиздан аввалги XXV асрда хукмронлик қилган Рамзес II нинг мўмиёланган жасади. Бир  пайтлар бир неча юз минг аскарга қўмондонлик қилган. Ўзи эса енгилмас, шерюрак лашкарбоши деб ном чиқарган. Бепоён қумликларда жилвагар заррачаларни элатиб йиққан ва олтин ёмбилардан тахт-у равон, от арава, камон, шахсий қурол аслаҳа, ҳатто ётоқ жиҳозлари ясатган, дунёда мендан қудратли инсон йўқ деб ўйлаган фиръавннинг бир парча матога ўралган мўмиёланган танаси, юмуқ кўз косалари, қиррадор бурни, тарам–тарам сочлари, узун–узун бармоқлари, садафдек тишлари ҳамон қалбларга қўрқув солади.

Қоҳира музейи залларида сақланаётган ҳар бир экспонат олдида бир дақиқадан турсангиз, роса 7 йил вақт керак бўлар экан. Шунинг учун, мен аввал кўра олмаганим заллар томон йўл оламан. Яхлит қора, оқ, қизғич ва заррин жилоли тошлардан ишланган Аменхотеп II нинг бир неча ҳайкали бир ерга жамланган. Мана бу – фиръавннинг 18 метрли ҳайкали, хотини Меретсегер билан биргаликда тахтда ўтирган ҳолатида ясалган. Меретсегер ўнг қўлини фиръавн ортига яширган. Бу унинг Аменхотепга чексиз муҳаббати рамзи, деб изоҳланади. Қизиқ, замонлар, минг йилликлар китоб саҳифасидек ўтиб кетаверади. Аммо инсоний туйғу – меҳр, муҳаббат абадий қолаверар экан. Шу ёдгорлик қаршисида ҳар бир инсон ўз ёри, севгилисини соғинч билан ёдга олса керак.

Мен бу гал ҳозирги иборада рангтасвир деб аталаётган, фиръавнлар даврида эса қуш, ҳайвонлар, гул ва ўсимликлар тасвири билан оламни тарихга муҳрлаган тош лавҳалар залида қолиб кетдим. (Бу ҳақда алоҳида мақолада ўқийсиз)

Қоҳирада ўзбекистонликлар учун ҳам қадрли бўлган яна бир зиёратгоҳ бор. Бу – буюк ватандошимиз 861 йили ихтиро қилган Миқёси Нил мажмуаси ва унинг ижодкори Аҳмад ал-Фарғонийга 2007 йилда қўйилган ҳайкалдир.

Нил дунёнинг энг узун (6853 км) дарёларидан бири. У Эфиопия, Судан худудидан ўтиб жанубий Мисрнинг Ассувон водийсига кириб келади ва мамлакат шимолида, дельталарга бўлиниб Ўрта Ер денгизига қуйилади. Қадим – қадимдан уни бошқариш қийин бўлган, яъни бир йил ёғингарчилик миқдори туфайли тўлиб тошса, келгуси йили сув сатҳи кескин пасайган. Миср ҳудудининг дарё қирғоқларидаги атиги олти фоизидагина деҳқончилик қилиш мумкин. Сабаби Нил дарёсидан экин майдонига сув олиб бориш қийинлигида бўлган. Дарёда сув сатҳи кўтарилса, унга  яқин майдонлар сув остида қолган, сув сатҳи пасайиб кетса, қирғоқдан узоқроқдаги далаларда қурғоқчилик бўлган. Ҳар икки ҳолат ҳам ҳосилдорликка кескин таъсир кўрсатган. Лекин солиқ миқдори барибир ер майдонининг қанчалигига  қараб белгиланган. Аҳмад ал-Фарғоний солиқ тизимидаги бу ноҳақликни кўриб, Миқёси Нил ускунасини яратади. Унга кўра, дарё суви сатҳи баландлиги ва деҳқончилик қилинаётган майдон дарёга нисбатан қанча узоқ–яқинликда эканига қараб ер солиғи миқдорини белгилаш тизимини ишлаб чиқди.

  • Аҳмад ал-Фарғоний Мисрда минг йилдан зиёд вақт ичида солиқ тизимида адолат тарозисини ушлаб турди, - деган эди мисрлик машҳур олим, Қоҳира Университети профессори Фотиҳ Аҳмад учрашувларимизнинг бирида.

Миқёси Нил дарёни иккига бўладиган Роуд ороли “бурни”да жойлашган. Ичкарига кирамиз. Ёғочдан ишланган қуббасимон шифтга жилоланиб турувчи нозик чизгиларда нақшлар ишланган. Ўртада яхлит мармар тошдан ясалган, пастдан юқорига сатҳ чизиқлари ўйиб туширилган ўлчагич. Уч баландликда сув кириб чиқадиган тош дарчалар очилган. Унинг ён томонида яна яхлит тошдан ясалган спиралсимон зиналар. Орадан ўн икки аср ўтибдики, Миқёси Нил ишчи ҳолатда. Дарвоқе, ундан 20 асрнинг 60-йилларигача, Мисрда Ассувон сув омбори ва тўғони қурилгунча, яъни Нил сатҳини бошқариш имконияти яратилгунча фойдаланишган.

Ҳовлида буюк олимга 2007 йилда қўйилган ҳайкал. Унинг қаршисида эҳтиром билдириб, пойига гул қўйдим. Буюк инсонлар умумбашарий қадриятлар яратади, дейилади. Коинот илмининг асосчиси Аҳмад ал-Фарғоний ана шундай инсонлардан биридир.

- Қоҳирада ватандошингизга қўйилган ҳайкал шубҳасиз, Миср халқининг унга бўлган чексиз муҳаббати изҳоридир,-дейди ҳамроҳим, тарихчи олим ва таржимон Азад.

Бугунги Қоҳира хотиржамлигини йўқотган шаҳарга айланган. Ҳамма қаергадир шошади. Одамларида ташвишли нигоҳ.

- 20 миллион киши яшайдиган шаҳримизга бир йилда ўн миллиондан зиёд сайёҳ келар эди. Аҳолининг асосий қисми туризм тизимида ишлар ва тирикчилик қиларди. Мамлакатдаги нотинчлик, кетма–кет инқилоблар туфайли сайёҳлар оқими кескин камайди. Бу миллионлаб мисрликларнинг молиявий шароитини қийин аҳволга солиб қўйди. Одамлар бугуни, бир куни қандай ўтиши ташвиши билан яшайдиган бўлиб қолди, - дейди Азад. Ҳамиша гавжум Пирамида, Сфинкс атрофида аҳён–аҳёнда сайёҳлар гуруҳини кўрасиз. Илгари сайр қилдирадиган от арава, оқ туялар учун навбатда турардик. Энди бир сайёҳ кетидан 4-5та от арава ва оқ туялар лўка–лўк. Мен хизмат қилай деб эланади.

Нил дарёси бўйидаги сайёҳлик кемалар тураргоҳи ёпилган. 2-3 қаватли палубалари сайёҳлар билан тўладиган кемалар дарё бўйида занжирбанд, занглаб ётибди. Қоҳиранинг пальма ва кўплаб манзарали дарахтлар, гулзорлар билан безатилган кўчаларини бугун танимайсиз. Ҳамма ерда чиқинди. Ҳаво буруқсиган, нафас олиш қийин. Чанг осмонга чиқади. Ҳар қадамда тиланчи. Папирус қоғозга фиръавн ва пирамида кўринишлари чизилган эсдалик совғаларини кўтарган сотувчилар ортингиздан қолмайди.

- Қорним оч, ўнтасини сотиб ол!

Унинг илтижоли ва дардман кўзларига дош беролмай пул узатаман. Буни кўрган сувенир сотувчиларидан икки нафари машина йўлини тўсиб олади.

- Мана бу Тутанхомон. Буниси Сфинкс. Ёғочдан ишланган. Иккисига 50 фунт (2,8 доллар) бер!

Ноилож уни ҳам сотиб оламан.

Ҳа, Қоҳира сўнгги йилларда, аниқроғи Ҳусни Муборакдан сўнг файзсиз, истарасиз шаҳарга айланиб қолибди. Тўрт минг йилдан буён савлат тўкиб турган пирамидалар, уларни душмандан “ҳимоя” қилиб келган Сфинкс ҳам мунғайиб қолганга ўхшарди...

Муҳаммаджон Обидов
Тошкент – Қоҳира

Мавзуга оид