Ўзбекистон | 10:20 / 13.10.2017
27045
4 дақиқада ўқилади

«МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот «майдони» эмас». Президентнинг Сочи саммитидаги нутқи

МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш "майдони" эмас. Бу ҳақда 11 октябрь куни Сочи шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир. Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси миллий координатори мақомини ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосари даражасига кўтаришга қарор қилдик. Шунингдек, биз МДҲ Иқтисодий кенгашидаги иштирокимизни қайта тикладик. Биз Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги ҳуқуқий базаси ва ҳамкорлиги ҳолатини тубдан қайта кўриб чиқиш ва шу асосда уни кенгайтириш учун имкониятлар истиқболини белгилаб олишни режалаштирганмиз”, - деган президент. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор. МДҲнинг аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёр. 

“Бизнинг пировард мақсадимиз – Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишдир. Буларнинг барчаси муносабатларимизда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очишига, кенг кўламли ва самарали шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишига ишонаман. Бу борадаги биринчи қадам сифатида 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилади. Сизлар қўллаб-қувватласангиз, биз 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари МДҲда Ўзбекистон иштирокининг устувор йўналишларини алоҳида қайд этган. Хусусан, Ўзбекистон Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантиришнинг тарафдори. Шунингдек, транспорт ва коммуникациялар соҳаси, амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинув, туризм соҳаси, ҳарбий-техник соҳадаги кооперация даражасини ошириш, жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши муросасиз курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар йўналишидаги ҳамкорлик муҳим амалий аҳамиятга эгалиги таъкидланди. 

Қайд этилишича, Афғонистондаги мураккаб вазият жиддийлигича қолмоқда. Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. 

Президент Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этган. “Бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслигимиз лозим. Ўсиб келаётган авлод айнан оилада маънавий-ахлоқий тарбия олади, масъулиятли бўлишни ва лоқайд бўлмасликни ўрганади. Ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда "Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли" мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этамиз”, - деган Ўзбекистон раҳбари. 

Мавзуга оид