Иқтисодиёт | 19:50
1362
2 дақиқада ўқилади

МДҲ мамлакатлари ўзаро ҳисоб-китобларда деярли тўлиқ миллий валюталарга ўтди

2024-2025 йилларда МДҲ аъзо давлатлари ўзаро ҳисоб-китобларнинг 96 фоизини миллий валютада амалга оширгани таъкидланмоқда.

Фото: ТАСС

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўзаро ҳисоб-китоблар учун деярли 100 фоиз миллий валюталардан фойдаланмоқда, деди МДҲ бош котиби Сергей Лебедев.

«Сўнгги маълумотларга кўра, МДҲ ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталарнинг улуши барқарор ўсиб бормоқда. 2024-2025 йилларда у МДҲ учун 96 фоизга, ЕОИИда эса 93 фоизга етади. Бу дедолларизация ва савдода миллий валюталардан фойдаланишнинг барқарор тенденциясидан далолат беради», деди у.

МДҲ бош котибининг қўшимча қилишича, «бугунги кунда халқаро ҳисоб-китобларда жаҳон валюталаридан фойдаланиш юқори хавф, активлар ва транзакцияларни блокировка қилиш билан бирга кечмоқда».

Лебедев, шунингдек, МДҲ доирасидаги фаол иқтисодий интеграцияга эътибор қаратди, бу ўзаро савдога ижобий таъсир кўрсатмоқда. «4 йил ичида ўзаро савдо 18 фоизга, Ҳамдўстлик мамлакатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти эса 2024 йилда 4,5 фоизга ўсди», деди у.

Ҳамдўстлик бош котиби бундан қарийб 15 йил муқаддам имзоланган шартнома - эркин савдо зонасини ташкил этиш МДҲ мамлакатларининг савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Эркин савдо зонасининг ташкил этилиши, Лебедев сўзларига кўра, товарларнинг аксарият тоифалари бўйича божхона тўловларини нолга тенглаштириш, шунингдек, МДҲ доирасидаги ўзаро савдодаги бошқа тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш имконини берди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид