08:42 / 17.10.2017
8514

БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига янги аъзо давлатлар сайланди

БМТ Бош ассамблеясидаги овоз бериш давомида 2018-2020 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашида аъзолик қилувчи давлатлар аниқлаб олинди.

16 октябрда кенгашни 2017 йил 31 декабрда тарк этувчи 15 та давлатнинг ўрнини эгаллайдиган давлатлар сайловлари бўлиб ўтди. 

Жорий йилда Шарқий Европа давлатлари гуруҳидаги иккита ўринга Словакия ва Украина Албания ва Латвия ўрнига даъвогарлик қилганди. Иккала давлат ҳам БМТ Бош ассамблеясига аъзо давлатларнинг кўпчилик овозини олди.

Кенгашда Шарқий Европадан ҳаммаси бўлиб 6 та давлат аъзолик қилади. Унда Хорватия, Грузия, Венгрия ва Словения қолади. 

Кенгаш таркибига 47 та давлат киради. Бу давлатлар иккинчи муддатга сайланиш имкони билан уч йилга сайланадилар. Кенгашга Африкадан 13 та давлат, Осиё-Тинч океани минтақасидан 13 та давлат, Лотин Америкасидан 8 та давлат, Шарқий Европадан 6 та ва Ғарбий Европа ва бошқа давлатлардан 7 та давлат киради.

Жорий сайловларда, шунингдек, Осиё-Тинч океани минтақасидан 4 та ўринга 5 та давлат даъвогарлик қилди. Натижада кенгаш таркибига Непал, Қатар, Покистон ва Афғонистон кирадиган бўлди.

Ғарбий Европа давлатларидан ва бошқа давлатлардан Австралия ва Испания сайланди. 

Лотин Америикасидан Мексика, Перу ва Чили кенгашнинг янги аъзолари бўлди. 

Африка давлатларидан Ангола, Конго Демократик Республикаси, Нигерия ва Сенегал кенгашга сайланди.

Сайлов натижаларига Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томондан изоҳ берилди. Ташкилотда Конгонинг сайланиши "ушбу давлат ҳукумати зўравонлиги жабрланувчиларига тарсаки тушириш" деб аталди.

"Конго хавфсизлик кучлари ўтган йил 5 мингга яқин одам ўлдирилган ва 90 та оммавий қабр топилган Касаи вилоятидаги (Конго вилояти – таҳр.) зўравонлик ҳолатларининг кўпчилиги учун жавобгарлиги унинг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош идорасида аъзо бўлишга нолойиқлигини кўрсатади", деб айтган HRW’нинг БМТдаги директори Луис Шарбонно.

Top