Жаҳон | 18:30 / 19.10.2017
38676
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда эр-хотин тадбиркор шафқатсизларча ўлдирилди

Фото: News.tj

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси матбуот хизмати ходими Муҳсин Юсуфовнинг айтишича, 17 октябрь куни кечқурун Бобожон Ғофуров туманидаги Унжи ҳудудида истиқомат қилувчи эр-хотин тадбиркорларнинг уйига номаълум шахслар бостириб киришган ҳамда уларни шафқатсизларча ўлдиришган. Қайд этилишича, оилавий жуфтлик Хўжанднинг «Панжшанбе» бозорида савдо қилишган.

Маълум қилинишича, қотиллар қурбонлари оғизларини скотч билан ўраб ташлаб, уларни пуллар қаерда сақланиши бўйича маълумот олиш учун қийноққа солишган. Қотиллик пайтида қўшни хонада эр-хотиннинг ўғли бўлган, бироқ жиноятчилар унга тегишмаган.

Тергов махфийлигини сақлаш лозимлиги туфайли ўлдирилган шахслар исм-фамилияси ва қотилликнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган. Шунингдек, жиноятни амалга ошириши мумкин бўлган шахслар рўйхати тузилгани бўйича маълумот йўқ.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларининг таъкидлашича, ушбу қотиллик Бобожон Ғофуров туманида тилла буюмлари билан савдо қилувчи оиланинг ўлдирилишига жуда ўхшаш тарзда амалга оширилган, бу жиноят бир неча йил муқаддам юз берганди. Ўшанда жиноятчилар уй эгалари ва уларнинг уч нафар вояга етмаган фарзандларини ҳам аяб ўтиришмаган. Улар 30 минг долларни олиб, уйни ёқиб юборишган. Қотиллар бир йил ўтибгина ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари маълумотларига кўра, ҳозирги қотиллик ҳам йирик миқдордаги пулларни ўзлаштириш мақсадида амалга оширилган. Жиноятни тергов қилиш учун ички ишлар ва прокуратура органлари ходимларидан иборат тезкор-қидирув гуруҳи тузилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид