Японияга кучли тўфон яқинлашмоқда
Тинч океанида жорий мавсумда 21-сондаги тўфон – "Лан тўфони яқин орада Япониянинг Дайто оролларига яқинлашади. Япония метеорологик агентлиги маълумотларига кўра, айни вақтда "Лан" Филиппин денгизида кузатилиб, Япония томон соатига 15 км тезлик билан яқинлашмоқда.
Об-ҳаво мутахассислари прогнозига кўра, тўфон япон оролларига 22 октябрга ўтар кечаси яқинлашади ва шундан кейин шу йўналишда давом этиб, бир неча кун ичида Сикоку ороли ва Япониянинг марказий туманлари, жумладан Токио жойлашган ҳудудни қоплаб олади.
Айни вақтда тўфон марказидаги шамол тезлиги сониясига 50 метрни, кучайганда 70 метрни ташкил қилмоқда. Тўфон марказидан 280 км радиусда шамол тезлиги сониясига 25 метрни ташкил қилмоқда.
Тўфон кучли ёғингарчиликка олиб келади. Бунга кўра, Амами оролига 22 октябрь эрталабга 250 мм ёғингарчилик тушади, Токай туманида эса 23 октябрга келиб бу кўрсаткич 500 мм ни ташкил қилади. Бу эса кўчкилар ва дарёлар тошишига олиб келиши мумкин. Ушбу ҳолат Япониянинг кўплаб ҳудудлари аҳолисига катта хавф солади.