Спорт | 15:40 / 26.10.2017
26574
14 дақиқада ўқилади

Зиданни нима кутмоқда? Юлдуз мураббий бўлолмаган мураббий-юлдузлар

«Реал» бош мураббийи ва Франция футболи афсонаси Зайнидин Зидан ФИФА талқини бўйича йилнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди ва биринчи бўлиб ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида ушбу совринга эга чиқди.

Футбол мураббийлиги ва футболчилик бир биридан бутунлай фарқли бўлган икки соҳа деб айтилса-да, мураббийлик билан асосан собиқ футболчилар шуғулланиши турли солиштирмаларга замин яратади. Масалан, юлдуз футболчиларнинг кейинчалик, яхши мураббий бўла олмаслиги ҳақида гаплар бор. Ҳатто кўп топ-мураббийлар захира ўриндиғида ўтиравериб, мураббийлик тажрибасини тўплайдилар, деган ҳазиломуз гаплар ҳам йўқ эмас. Албатта, бу бироз муболаға, аслида ҳар қандай соҳада истиснолар ҳам, маълум қоидалар ҳам амал қилади. Масалан, юлдуз футболчилар камлиги учун ҳам, уларнинг кейинги фаолиятлари ҳамманинг кўз ўнгида бўлади, аслини олганда, яхши мураббий бўла олмаган ёмон футболчилар ҳам тиқилиб ётибди, тўғрими?

Келинг бу мавзуга чуқурроқ ёндашамиз ва кейинчалик, мураббийлик билан шуғулланган футбол юлдузларига назар ташлаймиз. Албатта, шунчаки футол юлдузлари эмас, ҳақиқий афсоналар ҳақида боряпти гап.

«КЕЧИРАСИЗ, АДАШИБ ТУШДИНГИЗ!»

Аввало, энг осони, катта даврларни ўз номи билан ёритган, ўз даври юлдузлари ичида ҳам ёрқинроқ чарақлаб, футбол тарихида чуқур из қолдирган номларга тўхталамиз. Бу номларга қараганимизда, бояги иддао исботланаётган бўлади, ростан ҳам, улардан яхши мураббий чиқмас экан. 

ПЕЛЕ

Футбол қироли фаолиятининг сўнгги йилларида терма жамоада, кейинроқ, АҚШ клубида салкам ўйновчи-мураббийдек ҳаракат қилган бўлса-да, кўпчилик кутган иш содир бўлмади – Пеле мураббий сифатида футболда қолишни истамади. Ҳозирчага ўзининг буюклигини таъкидлаб, бугунги кун юлдузлари билан солиштиришни яхши кўрадиган Пеле балки ўз тажрибасини шу тариқа қизғангандир.

Асосан сиёсат билан шуғулланган футбол қироли кейинроқ, 2006-2008 йилларда у мураббийлик соҳасига ҳам қизиқиб кўрди ва ҳатто «Сантос»нинг мураббийлар штабидан жой ҳам олди. Аммо бу ишга жиддий бел боғлашни истамади чоғи. 

ФЕРЕНЦ ПУШКАШ

50-йилларнинг энг буюк тўпурари Венгрия терма жамоасидан ташқари, 15 клубда мураббийлик қилиб улгурган, бунинг учун уч қитъани айланган. Аммо фақат Греция чемпионлигини айтмаганда, «пичоққа илинарли» соврин қўлга кирита олмаган.

43 ёшида «Панатинаикос»ни Европа Чемпионлар Кубоги финалигача олиб борганида, балки бутун дунё янги топ-мураббий пайдо бўлаётгани ҳақида гапиргандир, билмаймиз, аммо унинг кейинги мураббийлик фаолияти жуда камтарона кечди ва уни фақат буюк футболчи сифатида ёдга оламиз.

ЭЙСЕБИО

Агар 60-йилларда ижтимоий тармоқлар бўлганида Эйсебио кучлими ёки Пелеми деган мавзудаги тортишувларга тўлиб кетарди. Футболчи сифатида мана шундай чўққига чиқа олган португалиялик футбол юлдузининг мураббийлик соҳасидаги уринишлари ўхшамади, аниқроғи, унинг ўзи ҳам бу йўналишга у қадар жазм этмагани ҳам шубҳасиз.

Эйсебио бир неча «Бенфика»нинг турли ёшдаги болалар жамоаларига мураббийлик қилиб юрган холос. Бу соҳадаги унинг ютуқлари сирасига 90-йиллардаги футбол юлдузи Руи Коштанинг тарбиялаб берганини қўшиш мумкин.

ДИЕГО МАРАДОНА

Юлдуз футболчилардан яхши мураббий чиқмайди, деган фикрни қувватлаш учун айнан Диего Марадонани мисол келтирадилар. Юқорида санаб ўтилган афсоналар барибир, ўзларини камтар тутган бўлишса-да, Марадона ўша даврнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ва таркибида дунёнинг энг яхши ўйинчиси билан жаҳон чемпионатига ташриф буюрганди. Шунинг учун унинг муваффақиятсизлиги кўпроқ эсга олинади.

ЖЧ-2010 даги Аргентина терма жамоаси футболчилари Марадонани ўз мураббийлари сифатида қабул қила олишган бўлса-да, катта ўйинга муносиб тактик билимлари етмагандек туюлди ва турнирни йирик мағлубият билан тугатди. Шунингдек, Рикелме билан, ва яна ёрдамчи мураббийлар, федерация ходимлари билан жанжалли ҳодисалар ҳақида ҳам маълумотлар тарқалди.

Диего Марадона шундан сўнг араб давлатларига бориб мурабийлик билан шуғуллана бошлади, лекин буни албатта, том маънодаги ёки юксак савиядаги мураббийлик дейишга тил бормайди. 

«БЎЛДИ, БОШҚА ЧИДОЛМАЙМАН»

Бу ҳаммаси эмас. Аслида ҳар икки соҳада ҳам бирдек яхши ишлай олган номларни ҳам топиш учун ҳам унча қийин бўлмади. Лекин биласизми, уларни ҳам бир жиҳат бирлаштириб турар экан. Мураббийлик фаолиятини ҳам худди футболчиликдек ёрқин бошлаган юлдузлар узоқ вақт бу соҳада қола олмас эканлар. Футболчи сифатида қийинчиликларни енгиб, деярли танқид қилинмайдиган мақомга чиқиб олган шахсиятлар учун, барчасини бошқатдан бошлаш, турли босимларга дош бериш қийинроқ бўлиши мумкинлигиданмикин, билмадим. Дастлабки синовлар, дастлабки қийинчиликлар уларни соҳани тарк этишлари учун кифоя бўлар экан. Масалан:

МИШЕЛЬ ПЛАТИНИ

80-йиллардаги Европа футболи юлдузи ЖЧ-90 аралаш баҳсларидаги муваффақиятсиз стартдан сўнг, Франция терма жамоасини қўлига олди. Жамоа мундиалга чиқа олмаган бўлса-да, бунда Платинининг айби йўқ эди, чунки у келгуча, французлар икки ўйинда мағлубиятга учраб бўлишганди.

Евро-92 саралаш ўйинларида эса, Франция Платини қўл остида барча ўйинларни ғалаба билан якунлади ва ҳатто World Soccer уни 1991 йилда дунёнинг энг яхши мураббийи деб эълон қилди. Аммо Швециядаги финал босқичида французларда чинакам футбол юлдузлари етишмади. Улар гуруҳ босқичида Дания ва Швециядан ортда қолиб, эрта уйга қайтдилар. Шундан сўнг, Платини мураббий сифатида бошқа ҳеч қаерда ишламади.

ФРАНЦ БАККЕНБАУЭР

Кайзер Франц ҳар икки соҳада ҳам муваффақиятли бўла олган оз сонли инсонлардан бири. Евро-84 дан сўнг, у Германия терма жамоасини қабул қилиб олди ва то Италия-90 даги чемпионликкача улкан ишни амалга оширди. Кейин эса, клублар футболида аввал «Олимпик» билан Франция, кейин эса, «Бавария» билан Германия чемпиони бўлди. Унинг ҳисобида 1996 йилда «Бавария» билан қўлга киритилган УЕФА кубоги соврини бор.

Аммо у бу ютуқларга 51 ёшгача эришди, шундан сўнг у бу фаолият билан шуғулланишни истамади. Мураббийлик учун энг мақбул бўлган ёшларда у асосан футбол функционери, спорт директори лавозимларида ишлади. 

ЙОҲАН КРОЙФ

Пеле ёки Марадона каби қироллар ўз даври учун энг юқори чўққиларни забт этган бўлишса, Йоҳан Кройфни кўпчилик келажак футболини намойиш қилган деб эслашади. Майдонда янги амплуа ва тактик позицияларни ярата олган Кройфнинг кейинчалик, мураббий бўлмаслигини тахмин қилиш қийин эди.

Кройф «Аякс» ва «Барселона» клубларини бошқариб, ҳаммаси бўлиб 15дан ортиқ турли совринларни ютиб олди, айниқса унинг «Барселона»даги «орзулар жамоаси» ҳалигача эсланади, унинг ёзиб кетган дафтарларини ўқиб, замонавий футболда бир қанча муваффақиятли жамоалар ташкил қилинган.

Лекин Кройф ҳам худди Беккенбауэр сингари, мураббийлик соҳасида кўп қолмади. 49 ёшида фаолиятини якунлаб, то 2016 йилда вафот этгунгача асосан ахборот воситаларида эксперт сифатида кўриниб юрди.

ЭҲ, ТЎҚСОНИНЧИ ЙИЛЛАР

Энди тўқсонинчи йиллар юлдузларига мурожаат қиламиз. Терма жамоалар ўйинлари чекиниб, клублар футболи улоқни илиб кетди. Қандайдир бошқача давр. Оммавий ахборот воситаларининг янги босқичга қадам қўйган даврида футбол ҳам бутунлай бошқа дунёга кириб қолди. Шу туфайлидир балки, бу йилларда матбуотда ҳаддан ташқари эркин бўлган, оғир характерли футболчилар тоифаси кўпайди. Ўша давр юдузларидан ҳақиқий маънодаги топ-мураббий чиқишига ишониш қийин эди шундоқ ҳам. Натижа ҳам шунга яраша. 

ХРИСТО СТОИЧКОВ

Ўзининг оғир характери билан ҳам машҳур бўлган футбол юлдузи, Болгария футболи афсонаси, табиийки, бундай кичикроқ мамлакатларга хос тарзда, мураббийлик фаолиятини биратўла терма жамоадан бошлади. 2004-07 лардаги фаолият у қадар эсда қоларли кечмади. Ҳозирги пайтдан фарқли равишда, ўшанда болгарлар Бербатов, Петров каби юлдуз футболчиларга эга бўлишса-да, саралашлардан ўта олишмади. Стоичков кейинги фаолиятини «Литекс», ЦСКА каби маҳаллий клубларда давом эттирди, бир муддат «Ростов»да президент маслаҳатчиси бўлиб ҳам ишлади. Ундан қандай маслаҳатлар чиқишини тахмин қилишдан ўзимизни тиямиз. 

ГЕОРГИ ХАЖИ

Хажини Стоичковнинг руминиялик нусхаси деб бемалол айтиш мумкин. У ҳам худди Стоичков каби, ишни Руминия терма жамоасининг бош мураббийлиги лавозимидан бошлади. Руминлар ЖЧ-2002 саралаш ўйинларида муваффақиятсизликка учрашгач, истеъфога чиқарилди.

Шундан сўнг, Туркиядаги ва Руминиядаги бир қанча уринишлар Хажига футболчилик давридаги обрўсининг юздан бирини ҳам олиб келмади.  

РУУД ГУЛЛИТ

Сарлавҳада Рууд Гуллит исми ёзилган бўлсада, шунингдек, Марко ван Бастен, Жанфранко Зола каби собиқ футболчиларни ҳам шу тоифада эслаш мумкин.

1988 йилги Европа чемпиони футболчилик фаолиятини якунлаган «Челси»ни бошқариб, уч йилда Англия кубоги билан кифояланди холос. Тўғри, «холос» деб ошириб юбордик, ўша «Челси»ни бугунгиси билан солиштириш ноўрин. «Челси» ундан кейин бир қатор каттароқ ва муҳимроқ кубокларни қўлга киритди, аммо мураббий Гуллит учун ўша соврин ҳалигача ягоналигича қолмоқда. 

РОБЕРТО БАДЖО

Италия футболи афсонаси 2010 йилда Италия футбол федерациясининг техник директори лавозимига тайинланиб, унга мамлакат терма жамоаларини ва ёш футболчиларни назорат қилиш масъулияти топширилган. 2011-12 йилларда у мураббийлик курсларида таҳсил олиб, энг юқори миқёсда ҳам мураббийлик қилиш имконини берувчи UEFA Pro лицензиясига эга бўлди. Аммо бу ҳужжат ҳозирча «чанг босиб ётибди».

 

ОСИЁЛИК ФУТБОЛ ЮЛДУЗЛАРИ

Осиё юлдузлари нафақат терма жамоа ёки клублар билан халқаро майдонда ғалаба қозониш, балки, бу лавозимга яқин келишларининг ўзи ҳам жуда камёб ҳодиса. Чунки етакчи терма жамоалар асосан чет эллик тажрибали мутахассисларга мурожаат қилишни маъқул кўришади. Фақатгина Али Дайининг мураббийлик фаолиятини озми-кўпми биламиз –у бир марта Эрон чемпиони бўлган, бир йил мамлакат терма жамоасини бошқарган, тамом.

Яна бир сабабни кореялик футбол юлдузи Пак Жи Суннинг шу мавзудаги яқинда билдирган фикрлари очиқлаб беради: «Баъзида мураббийларнинг ишлашига қараб туриб, мен ҳеч қачон бу вазифани уддалай олмасам керак деб ўйладим. Мураббийлик учун нафақат билимлар, балки етакчилик қобилияти ва футболчиларни бошқара олиш санъати ҳам жуда зарурдир».

Яъни Осиё юлдузлари футбол фаолиятини якунлаб, ўзлари юлдуз саналган мамлакатларига қайтишни исташмади ва кўпинча Европада қолишди. Табиийки, Европада оддий футболчи саналган бу юлдузларнинг топ-клубларни бошқаришлари иложсиз.  

 

ЎЗБЕК ФУТБОЛИ ЮЛДУЗЛАРИ

ГЕННАДИЙ КРАСНИЦКИЙ

20-асрдаги ўзбек футболининг энг яхши футболчиси 1970 йилда футболчилик фаолиятини якунлагач, аввалига «Трактор»да, кейин эса, ёрдамчи мураббий сифатида «Пахтакор»да фаолият олиб борди. Ҳатто 1976 йилда Башашкин истеъфога чиқарилгач, мавсум охиригача бош мураббий вазифасини ҳам вақтинча бажарди, аммо ўша йили ҳам «Пахтакор» олий лигага қайтиш вазифасини уддалай олмади.

Унинг «Янгиер» ва «Звезда» («Сўғдиёна») жамоаларидаги фаолияти ҳам эсда қоларли бўлмаган.

БИРОДАР АБДУРАИМОВ

Яна бир футболимиз афсонасини 80-йиллар охирида, бир неча йилдан бери олий лигага қайта олмаётган «Пахтакор»ни бошқаришга таклиф қилишганди. Аммо Абдураимов бу вазифани уддалай олмади.

Мустақилликдан сўнг, Биродар ака бир неча жамоаларда фаолият олиб борган бўлса-да, у инсоннинг асосий ва ягона ютуғи сифатида Хиросимани эслаш мумкин. Кўпчиликнинг айтишича, Осиё ўйинлари ғолиби бўлган ўша терма жамоада Абдураимовнинг роли бош мураббий Рустам Акрамовдан кам бўлмаган экан.

МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ

Қосимов деярли ўн йилдан бери бу соҳада ишлаб келаётган бўлса-да, унинг мураббий сифатидаги энг ёрқин йиллари олдинда кутиб тургандек туюлаверади. «Бунёдкор» билан икки марта Осиё чемпионлар лигаси чорак финали, терма жамоа билан Осиё кубоги чорак финали ва жаҳон чемпионати саралашида плей-офф босқичигача етиб борган Қосимов бироз танаффусдан сўнг «Бунёдкор»да яна иш бошлади ва айтиш мумкинки, қисқа фурсатда жамоа натижаларини барқарор кўринишга олиб келиб қўйди. Унинг мураббийлик фаолияти ҳам футболчилиги каби ёрқин бўлиши учун ҳали имконият бор ва биз футбол афсонамизга омад тилаб қоламиз.

БОНУС:

Энди, одам чақириш учунгина Зиданни қўшдингизми, дейдиганлар учун, сарлавҳа ҳаққини адо этиб қўямиз. Юқоридаги тажрибалардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Зайнидин Зидан жуда муваффақиятли мураббий бўлади. Бўлиб бўлди ҳам. Яъни Зидан биринчи тоифа эмаслигини исботлаб бўлди. Аммо унинг бу соҳадаги фаолияти узоққа чўзилмаслигини тахмин қилиш мумкин. «Реал» мураббийини ҳозирча юқоридаги бўлимлар ичида «бошқа чидолмайман» тоифасига қўшишимиз мумкин. Менимча, бир ёки икки муваффақиятсиз уринишдан сўнг, Зиданни футболнинг бошқа лавозимларида кўра бошласак керак.

 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид