Жаҳон | 18:20 / 26.10.2017
26180
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ бутун дунёга хавф солиши мумкин бўлган касаллик ҳақида огоҳлантирди 

Фото: Imgur

Мадагаскарда авж олаётган ўлат қўшни тўққизта давлатга кириб келиши ҳамда бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетиши мумкин, дея огоҳлантирмоқда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ). Катта хавф бу касалликнинг енгил шаклидан келади, у инсондан инсонга ҳаво-томчи йўли билан юқади.

Бугунги кунда бу жуда хавфли хасталикдан ҳалок бўлганлар сони 124 кишига тенг, у яна 1300 дан ортиқ инсонга юқиб улгурган. Ҳамда, экспертларнинг фикрича, бу рақамлар фақат ўсиб боради, чунки беморларнинг учдан икки қисми ўлатнинг айнан ўпка шакли билан касалланган, деб хабар бермоқда The Sun.

"Гарчи қора ўлат ҳолатлари Мадагаскарда деярли ҳар йили қайд этилса ҳам, бу эпидемия анча хавфлироқ", - дея маълум қилди Қизиқ Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Халқаро федерацияси бош котиби Алхож Ас Си.

Ўлат белгиларига кутилмаганда юз берувчи безгак, бош ва танадаги оғриқлар, кўнгил айниши ҳамда қайд қилиш киради, бироқ инкубация даврида касаллик умуман сезилмайди. Касалланганлар эса атрофдагиларга хавф туғдиришлари мумкин эканини хаёлларига ҳам келтирмайдилар, самолётларда сафар қилиш ўлатни бутун дунёга тарқатиб юбориши мумкин.

ЖССТ Мадагаскар ёнида жойлашган тўққиз давлат учун огоҳлантириш эълон қилди. Бугунги кунда Эфиопия, Кения, Танзания, Мозамбик, ЖАР ва қатор орол давлатлар зарба остида қолган.

Мавзуга оид