Спорт | 19:30 / 27.10.2017
10977
11 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Келажакдан мактуб (Арьен Роббен)

Салом, ўн олти ёшли Арьен!

Бугун пайшанба ва онанг мактабга қўнғироқ қилмоқда. Яна ва яна. Бошида бироз хавотир оласан, ахир ҳеч қачон, синфда эканингда онанг сени ахтармаганди. Аввало, ўзингни бос, хавотирли ҳеч нарса йўқ. Ҳаммаси жойида. Буни гаплашганингда билиб оласан, лекин у сенга айтадиган гапларга ишонишинг қийин кечади. Сен дарс тугаб, онангга қайтиб қўнғироқ қилганингда, ҳаммасини эшитасан. Ҳаммаси бир онда ўзгариб кетади. Жуда тез.

Айни шу паллада, сен ҳали онанг билан гаплашмасингдан, кел, сенга бир гапни айтишга имкон бер: доим футболни чанқоқ билан ўйна, доим янада яхшироқ бўлишга, кўпроғини уддалашга ҳаракат қил, бўптими?

«Гронинген мураббийи сени якшанба куни асосий таркиб билан ўйинга олиб кетмоқчи»

Онангга қайтиб қўнғироқ қилганингда, у сенга шу хабарни айтади. Зўр-а? Ростанам ажойиб!

Мен нега шу хатни ёзишга қарор қилдим, биласанми? Мен сўнгги пайтларда бу ҳақида жуда кўп ўйлаяпман – ҳаммаси қандай бошлангани ҳақида. 33 ёшга киргач, фақат бир йиллик шартномалар асосида ўйнаётган паллада, ҳаммаси якунга қараб кетаётганини сезасан. Негадир, охири кўриниб қолган пайтда энг боши ҳақида кўпроқ ўйлай бошлар экансан. Футбол шунчаки ўйин бўлмай қолган илк йилларга...

«Гронинген» сен учун «ПСВ» сари йўл очади, «ПСВ» эса, сени «Челси»га йўллайди. Йигирма ёшингда Премьер Лигада бўласан.

Мураббийинг? Унинг исми Жозе Моуриньо. Сени бунга тайёрлашим керак. Чунки у сендан жуда кўп нарса кутади, буни билиб қўйишинг керак. У ҳаммадан кўп нарса кутади. Характери шунақа. Сен дарров Премьер лига клубидаги фарқларни сезасан: бу ерда сен кучлироқ, тезроқ, қатъийроқ бўлишинг лозим.

Ниҳоят яхши ўйнадим деб ҳисоблаганинг ҳамоно, сен бу ишни яна ва яна амалга оширишинг шарт. Таркибда қолиш учун сен ҳар ҳафта Жозега ўзингни кўрсатишинг керак бўлади. У жуда кучли инсон ва бошқалардан ҳам буни талаб қилади. Биламан, сен ёшлигингдан ўзингга ўзинг ҳам шу талабларни қўйиб келгансан, аммо бахтинг шундаки, худди шундай мураббийга йўллиқанинг. Бу жуда бахтли тасодиф, биласанми?

Жароҳатлар... Сен бундай бошлашни кутмагандинг, биламан. Мавсумолди йиғинларида сингган суяк билан уёқдан буёққа юрасан, икки ой майдонга туша олмаслигингни эшитасан. Аммо бу ҳам сенга ўзингни кўрсатишда имконият бўлсин. Сен Жозега, жамоадошларингга, «Стемфорд Бриж»га ва аввало, ўзингга жароҳатлар сени синдира олмаслигини кўрсатишинг керак. Бу ҳам бир тажриба.

Ҳа, «Стемфорд»даги илк ўйинингда, 2004 йилнинг ноябрида гол урасан, эслаб қол. Жарима майдони яқинидан, чап оёқда.

Ҳа айтганча, чап оёқ ҳақида. Сен қанотдан туриб марказга қараб бориш ва чап оёқда зарба беришни кўпроқ машқ қил. Ишонавер, сенга бу жуда ёрдам беради ҳали. 

Сен «Челси»да атиги икки йил ўйнайсан, аммо фаолиятингда жуда муҳим босқич бўлади. Бу мураббий, бу йигитлар, жароҳатлар билан сенга яхши тажриба ва хотиралар қолади. Жозега қойил қолиш керак, сизлар биргаликда ажойиб жамоа қурасизлар. Муҳими, бу худди мураббийларинг каби ўзига хос жамоа бўлади.

Йўқ, фақат бу ерда Лемпард, Чех, Дрогба ёки Терри ўйнагани учун эмас. Жамоада ҳамма бир-бири ҳақида ўйлайди. Ҳамма жамоа ҳақида ўйлайди. Жамоадаги муҳит ажойиб! Сен кейинчалик ҳам ўша йиллари бирга ўйнаган шерикларингни соғинасан, улар билан алоқада бўлиб турасан, лекин ҳаммасидан ҳам Жон Террини унутиш қийин.

Сенга у ҳақида нималарни айтишим мумкин... Ҳаммасини...

Энг муҳими, бир жамоанинг сардори бўлиш учун нима керак бўлса, ҳаммасини Жондан ўрганиш мумкин. У доим ёрдамга тайёр, нафақат футбол, ҳар қандай мавзуда ҳам суҳбатлашмоқчи бўлсанг, ёнингда бўлади. У доим сенга маслаҳатлар беради. Мени эшит, сен ундан кўпроқ нарсаларни ўрган ва доим гапига қулоқ сол, келишдикми? Ҳозир Терри сен учун қанчалик муҳим бўлишини сўз билан тушунтириб бера олмайман, лекин кейин, менинг ёшимга етгач, биласанки, сен у каби футболчи билан бирга бошқа тўп сурмайсан.

Сизлар биргаликда «Челси»ни эллик йиллик танаффусдан сўнг, шоҳсупага олиб келасизлар. Сен кўп вақтингни жароҳатда ўтказганинг учун сиқилма, билгинки, сен ҳам шу жамоанинг бир парчаси эдинг, сен ҳам бошқалар каби муҳим бўлгансан. Келаси йили яна чемпион бўласизлар. Кейин?

Кейинги қадам... «Реал» Мадрид.

Англияда, биринчи майдонга тушганингдаеқ мухлислар футбол билан яшашларини, футбол билан нафас олишларини сезганинг, ҳайрон қолганинг эсингдами? Биласанми, Испанияда бошқачароқ. Бу ерда улар футбол билан яшамайдилар, бу ерда футбол ҳаётнинг ўзгинаси!

Албатта, икки йил ўтиб, футбол шунингдек, бизнес эканини тушуниб етасан. Бу сенга ёқмайди.

Қарагин, шу пайтгача, гўёки ҳаммасида мазмун бордек туюлганди. Аввал «Гронинген», кейин «ПСВ», «Челси», энди «Реал». Лигалар, кубоклар, Чемпионлар Лигаси ярим финали. Бу ҳаракатларнинг барчаси тушунарли, сен олдинга қараб кетаётгандек эдинг. Ўйининг такомиллаша борган сари мақсадларинг ҳам, атрофинг ҳам буюклашиб бораётганди.

Энди эса, «Бавария». Сен буни орқага ташланган қадам деб биласан. Тўғри, «Бавария» Германиянинг энг катта клуби, мамлакатда ва Европада бир қатор совринлари бор. Аммо «Реал» билан солиштирганда, кичикроқ кўринади. Сен учун Мадрид футбол оламининг чўққиси эди, у ердан ҳар қаерга кетиш мана шу чўққидан пастга тушишдек баҳоланади. Биламан, бу чўққига бошқа ҳеч қачон қайтиб чиқмайдигандек туюлади ҳаммаси сен учун.

Аммо шуни билиб қўй: сен ўшанда ноҳақ бўласан.

Чунки, «Бавария»га ўтиш футбол фаолиятингдаги энг тўғри қароринг бўлиб чиқади. Сен у ерда каттароқ бир кучнинг муҳим бўлаги бўласан. Ҳар томонлама. Мана кўрасан.

Сизлар ҳеч ким кутмаган пайтда Чемпионлар Лигаси финалигача борасизлар. Келаси йил кутилмаган мағлубият, 2012 йил финали эса, айнан «Бавария» майдонида бўлади ва сен собиқ клубинг «Челси»га қарши ўйнайсан.

Ажойиб ҳикоя учун зўр сценарий, тўғрими?

Аммо, бироз ўтиб ҳаммаси даҳшатга айланади. Бу ҳақида жуда кўп ёзилган. Сен амалга оширишинг керак бўлган, аммо амалга ошира олмаган пенальти ҳақида, масалан.

Лекин биласанми, яна бир жиҳат борки, бу ҳақида ёзишмайди, ҳеч ким билмайди. Бу орадан бир неча ҳафта ўтиб, кейинги мавсум учун тайёргарлик учун борганингда рўй беради. Аслида сен ўша финалнинг эртасигаёқ, машғулотларга қайтишга тайёр эдинг. Аммо ўша танаффус ҳам керак шекилли. Энди сенда қандайдир бошқа туйғу бор.

Очиғи, ҳаётингда бунақа биринчи машғулотлар жуда кўп бўлади. Ҳаммаси бир хил. Ҳамма қандайдир енгиллик ва чанқоқлик билан машғулотларга қайтади ва аста-секин тикланиб боради. Бу сафар бошқача. Бу сафар шунчаки истак эмас, бошқача руҳият қамраб олади сени. Қасос олишга бўлган чанқоқлик.

Ва кейинги ҳар ўйинда, бундеслигадаги учрашув бўладими, оддик кубок ўйиними, Чемпионлар лигаси гуруҳ ўйинларими, фарқи йўқ, сен энди бошқача ўйнай бошлайсан. Бошқача ўйлай бошлайсан. Ҳар бир ғалаба, ҳар бир ҳаракат фақат ва фақат яна ўша финалга қайтишга бўлган қадам каби туюла бошлайди.

Ҳа, эсингдами сенга чап оёқ билан зарба беришни ўрганиб туришни маслаҳат бергандим? Мана, пайти келди. Сен ўша финалга етиб борганингда, яна бир бор эслаб кўр. Ўйиннинг иккинчи бўлимида, «Боруссия» ҳисобни тенглаштиргач, гапларимни эсла.

89-дақиқада, вақт деярли қолмаганда, ўнг томондан марказга кириб бор ва зарба бер. 

«Бавария»даги 8 йил фаолиятингдаги энг ёрқин йиллар бўлади. Уч марта чемпионлар лигаси ярим финали. Уч финал. Чемпионлар Лигаси кубоги. Олти марта Бундеслига чемпионлиги. Тўртта кубок.

Барибир бу клуб қалбингда қанчалик ўрин олишини тушунтириб бера олмайман. Нима десам ҳам, ўша пайти келганда бу ҳолат сенга кутилмагандек бўлиб туюлаверади.

Фақат шуни айтишим лозимки, ҳатто 33 ёшга кириб ҳам, бу ерда сен ҳали ҳам чанқоқликни ҳис қилаётган бўласан. Комилликка бўлган интилиш сени бу ёшда ҳам тарк этмайди. Орқага қараганимда мен буни кўпроқ англайман, доимо янада яхшироқ бўлиш истаги бизни мана шу ерларгача етаклаб келди, кутмаганимдан ҳам кўпроқ ютуқларни совға қилди.

Балки шунинг учунми, бу чанқоқ мени бир кун тарк этишига ишонмайман. Бу кун қачон келишини, бу қандай бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман. Билмайман, балки келаси йилидир, балки яна бир йил ўтиб. Балки бошқа нима ҳақидаги ўйлаш вақти келганини англаб етарман.

Балки, бироз чекиниш, балки сўнгги, яна бир янги қадам ташлаш учун янги чақириқ керакдир. Вақт кўрсатади.

Биласанми, бу вақт жуда тез ўтар экан.

Шунинг учун, бор, онангга тезда қўнғироқ қил. Уни куттирма!

 

Арьен Роббен/ The Players Tribiune

Мавзуга оид