Ўзбекистон | 13:00 / 27.10.2017
24152
3 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришларни таҳлил қилди

Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистон Республикасида охирги 7 ой давомида юз берган ўзгаришларга таҳлилий баҳо берди. 25 октябрь куни ташкилот сайтида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан бир қатор ижобий ўзгаришларга етакловчи ислоҳотлар бошлаб берилган.

«Жаҳон бўйлаб энг узоқ муддат қамоқхонада сақланган журналист Муҳаммад Бекжоновнинг озод этилиши - мамлакатдаги вазият қай тарафга ўзгараётганини билдиради», дейилади хабарда.

Марказий Осиё мамлакатларини тадқиқ этувчи HRW ходими Стив Свердловнинг фикрича, Ўзбекистон эндиликда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бошланган ислоҳотларни барқарор мустаҳкамланиб боришини таъминлаши зарур. Свердлов бундан ташқари, «айни даврда мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги эпоха»​ бошланганини таъкидлаган.

Ташкилот ўз ҳисобот матнида 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси дастурида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси халқаро меъёрларга тенглаштирилиши ҳақида сўз юритилганини олқишлади. Шунингдек, мустақил суд ҳокимияти, иқтисодиётни эркинлаштириш, қонун ижодкорлигини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш - эркин фуқаролик жамиятини қуриш шарти экани яна бир бор эслаб ўтилди.

Октябрь ойининг ўзида журналист Солижон Абдураҳмонов, мухолифат фаоли Муҳаммадали Қорабоев, инсон ҳуқуқлари фаоллари Аъзам Фармонов, Ғанихон Маматхонов озод этилгани соҳадаги ўзгаришларнинг амалий ифодаси бўлди. Умумий ҳисобда ўтган йилдан буён ана шунда маҳкумларнинг энг камида 15 нафари озодликка чиқарилди.

Мамлакатда ОАВ эркинлиги ва мустақиллиги борасида сўз юритиб, HRW «Ўзбекистон 24» телеканали ишга туширилиши, жонли кўрсатувлар танқидий руҳдаги эфир материалларини намойиш этишга тўхталиб ўтди. Маҳаллий ОАВ нашрлари, хусусан Kun.uz эълон қилаётган материаллар танқидий бўлиб бораётганини алоҳида таъкидланган.

Ҳукумат BBC ўзбек хизматининг фаолиятини қайтадан бошлашга рухсат берган, шунингдек, халқаро даражадаги нуфузли нашрлар билан ҳамкорликни ривожлантиримоқда. Мисол учун, ёз ойларида The Wall Street Journal мухбирининг Ўзбекистонга келиши, мақола тайёрлаши учун имконият берилган. Октябрь ойида эса OSCE Медиа форуми ташкил этилди.