Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Адолат” СДП ташаббуси билан Тошкентда оммавий ҳашар ташкил этилди
2017 йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Чилонзор тумани “Байналмилал” кўчасининг “Камолон” кўпригидан “Оқтепа” кўпригигача бўлган қисмини кўнгиллилар томонидан ҳашар йўли билан тозалаш ишлари ташкил этилди.
Ҳашарда автомобиль йўли ва каналнинг ён атрофидаги маҳаллалар фуқаролари, шу қаторда жойлашган идора ва муассасалар вакиллари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлари, партия фаоллари, тиббиёт (ДСЭНМ) муассасалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакиллари иштирок этди.
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. Албатта, бу эзгу ишларни амалга оширишда халқимизга хос бўлган ҳашарнинг ўрни катта. Шу боис партия ташаббуси билан ўтказилган ҳашарда ҳамшаҳарлар эрта тонгдан ўз уйи, маҳалласи, ўзи истиқомат қилаётган турар жой атрофини ободонлаштириш, озода ва покизалигини сақлашда фаол иштирок этдилар.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик хиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ташкил этилган дастлабки кўнгиллилар ҳашарида маҳалла фуқаролари, шу ҳудудда жойлашган ташкилот ва муассасалар вакиллари, партия фаоллари ҳамда ободонлаштириишга масъул бўлган ташкилотлар ходимлари фаол иштирок этдилар. Ҳашар давомида азим Тошкент шаҳрининг қон томири саналган анҳор ариғининг “Камолон” кўпригидан “Оқтепа” кўпригигача бўлган икки километрдан ортиқ масофадаги қисми йиғилиб қолган турли чиқиндилар, шох-шабба ва хазонлардан тозаланди. Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай кўнгиллилар ҳашарлари республикнинг барча ҳудудлари бўйлаб давом эттирилиши назарда тутилган.