15:20 / 29.10.2017
45515

Арашнинг Тошкентдаги концерти бекор бўлди

Эронлик хонанда 31 октябрь куни Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройи катта саҳнасида «Шарқ эртаги» номида яккахон концерт дастурини тақдим этиши белгиланганди. 

Аммо мутасадди ташкилотчиларнинг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур концерт дастури техник сабабларга ​кўра бекор қилинган. Маълум қилинишича, эронлик хонанда билан молиявий масалаларда келишув шартлари охирига етказилмагани концертнинг бекор қилинишига сабаб бўлди. 

Қайд этиш керакки, Арашнинг Тошкентдаги концерти аввалига 13 октябрь куни ўтказилиши кутилганди. Аммо дастурнинг ноқонуний, сохта билетлари тарқаб кетгани сабабли концертнинг ўтказилиш вақти 13 октябрдан 31 октябрга қолдирилганди.

«Шарқ эртаги» учун чипталар 50,000 сўмдан 1,400,000 сўмгача сотилганди. Энди чипталар ташкилотчилар томонидан қайтариб олинади. Чипта сотиб олганлар 30 октябрдан 10 ноябрга қадар  «Истиқлол» санъат саройи кассаларига келиб, соат 9:00дан соат 18:00гача мурожаат қилишлари мумкин.  

Қўшимча маълумотлар учун телефон рақамлари: +998 94 699-64-46, +998 99 851-72-04, +998 91 137-28-42.

Top