Технология | 10:27 / 31.10.2017
14267
2 дақиқада ўқилади

Швецияда деразалардан иситиш мосламаси ясашни ўрганиб олишди

Фото: hi-news.ru

Агар биноларда дераза бўлмаганида хоналарнинг ичи қишда анча иссиқ бўларди. Қишда бинолар иссиқлигининг йигирма фоизини айнан деразалар орқали йўқотади. Йилнинг совуқ фаслида жуда совуқ хабар. Лекин сиз ушбу хабарни ўқиб совқотиб, кўрпа ўранишга ҳаракат қилаётганингизда Гётеборг университетидаги швед олимлари оддий дераза ойнасини иситиш батареясига айлантириб, хонадонларни бироз бўлса-да иссиқроқ қилиш устида иш олиб боришмоқда, деб ёзади Hi-news.ru.

Деразаларни қуёш иститгичларига айлантириш учун олимлар плазмонлар асосида шундай қоплама яратишдики, у қуриганидан сўнг ўзига хос наноантеннага айланади ва у қуёш нурини яхши ютиб, ўзлари қопланган сиртни қиздиради. Албатта, уларни исталган сиртга елимлаш мумкин, лекин айнан дераза ойнаси бунга жуда мос келади. Плазмон ойнанинг бошқа хоссаларига таъсир ўтказмайди, чунончи, ёруғлик ўтишига халақит бермайди, бироқ билдирмасдан квартирани исита бошлайди.

Ихтирочилар ўзлари томонидан яратилган, оддий ойналарни қуёш иситиш батареяларига айлантиришнинг арзон ва самарали усули айниқса замонавий архитектурада ойналарга кенг ўрин ажратилаётган ҳозирги шароитда, албатта, барчага қўл келишидан умидвор.

Келажакда олимлар ушбу технологиядан бошқа соҳаларда ҳам фойдаланишмоқчи. Етакчи тадқиқотчи Александр Дмитриевнинг қайд этишича, унинг жамоаси ишланманинг самарадорлигини янада оширмоқчи, жумладан, инновацион қоплама ультрабинафша нурларни ҳам тутиб қолишига эришишни режалаштирмоқда. Уларнинг фикрича, бу дераза ойналарининг функционаллиги ва улардан фойдаланиш доирасини кенгайтиради.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид