Жамият | 09:55 / 10.11.2017
5192
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ноширлар клуби ташкил этилди

2017 йилнинг 9 ноябрь куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида республикамизда фаолият юритаётган нашриётлар «Бош муҳаррирлари клуби»нинг таъсис мажлиси бўлиб ўтди.  

Унда Матбуот ва ахборот агентлиги қошида мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги нашриётлар бош муҳарирларининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи «Бош муҳаррирлар клуби» ташкил этилганлиги эълон қилинди.  

Мазкур Клуб ноширлик соҳасидаги ютуқларни кенг тарғиб қилиш, мавжуд муаммоларни ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ечиш, соҳани янада ривожлантириш, унинг истиқбол режаларини, тараққиёт тендецияларини белгилаш, китоб бозоридаги эҳтиёжларни маркетинг нуқтаи назаридан профессионал баҳолаш, хорижий тажрибани ўрганиш ва татбиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.  

Таъсис мажлисида клуб раиси этиб, таниқли журналист, тажрибали ношир, «Шарқ» нашриёт-матба акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов, котиб вазифасига эса «Адолат» нашриёти бош муҳаррири Абдулҳамид Омонов сайланди.

Мажлисда клубнинг фаолияти норасмий ва эркин эканлиги, унга нафақат муҳаррирлар, балки барча нашриёт мутахассислари, хусусан, дизайнер ва рассомлар, техник муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар ҳам аъзо бўлиши мумкинлиги айтилди.

Клуб аъзолари олдиндан тасдиқланадиган режа асосида ҳар ойда бир марта соҳанинг энг долзарб мавзу ва муаммоларига бағишланган йиғинларини ўтказиб боришга келишиб олишди.