06:32 / 13.11.2017
8834

Эрон-Ироқ чегарасидаги зилзила 100 дан кўпроқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди

Фото: AFP 2017 / SHWAN MOHAMMED

Эрон-Ироқ чегарасида 12 ноябрда қайд қилинган кучли зилзила оқибатида Эронда 100 киши ҳалок бўлди, мингга яқин киши жабрланди. Бу ҳақда 13 ноябрда FARS ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Зилзила кучи 7,2 магнитудани ташкил қилган. Асосий зилзиладан кейин 3,6 дан 4,7 гача магнитудали 12 та афтершок бўлгани қайд қилинган. Зилзила ўчоғи Ироқнинг Сулаймония шаҳридан 103 км узоқлида жойлашган бўлган.

Хабарда таъкидланишича, одамлар Эрон ғарбидаги Кармоншоҳ вилоятида ҳалок бўлганлар. Табиий офат 6 та шаҳарни қамраб олган.

Эрон президенти зилзиладан жабрланганларга барча зарурий ёрдамни кўрсатишга буйруқ берган.   

Ироқнинг Сулаймония вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Умар Аҳмад зилзила оқибатида вилоятдаги Дорбондихон шаҳрида 4 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Ўз навбатида Ироқ Курдистони вакили ҳам 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлигида эса бир киши ҳалок бўлгани, 50 дан кўпроғи жабрлангани маълум қилинган.

Фожиа ҳудудида қутқарув-қидирув операцияси олиб борилмоқда. У ерга қутқарувчиларнинг қўшимча бўлинмалари юборилган. Фожиадан жабр кўрган ҳудудларда дала госпиталлари йўлга қўйилган, одамлар озиқ-овқат, иссиқ кийим, ёқилғи билан таъминланмоқдалар. Одамлар такрорий зилзилалар юз беришидан қўрқиб, уйларига қайтмаяптилар.

Берилаётган хабарларга кўра, стратегик объектлар, жумладан нефть-газ инфратузилмаси объектларига шикаст етмаган, аэропортлар одатдагидек ишламоқда.

Top